13:26 / 29.02.2024
8674

Украина бир ҳафта ичида учинчи бор россиялик ҳарбийлар гуруҳига HIMARS билан зарба берди

Фото: Getty Images

27 феврал куни Украина қуролли кучлари HIMARS баравар ўт очиш реактив тизими билан Донецк областининг Оленивка посёлкасида (ДХР назорати остидаги ҳудуд) тўпланиб турган россиялик ҳарбийларни ўққа тутди. Россия ва Украина телеграм-каналларида тарқалган хабарларга кўра, бу вақтда ҳарбийларни тақдирлаш маросими ўтказилаётган бўлган.

Зарба оқибатида 19 нафар ҳарбий, жумладан уч нафар офицер ҳалок бўлгани айтилган, яна 12 нафар ҳарбий хизматчи жароҳатланган.

Маълумотларга кўра, худди шу вақтда ҳудудда украинлар разведка дрони ишлаётгани тўғрисида қўмондонликка хабар берилган, аммо бу маълумот эътиборсиз қолдирилган.

Россия томони бу хабарлар юзасидан изоҳ бермади.

Украина қуролли кучлари бош штаби украин ҳарбийлари баравар ўт очиш реактив тизими билан Оленивкадаги рус қўшини устига ракета зарбалари йўллаганини тасдиқлади. Дастлабки маълумотларга кўра, 19 нафар россиялик ҳарбий хизматчи, жумладан бўлинма командири ўринбосари, бир майор ва бир капитан ҳалок бўлгани, 12 ҳарбий, жумладан бир командира яралангани маълум қилинган.

  • 20 феврал куни кундузи Украина қуролли кучлари HIMARS орқали ДХРдаги Волноваха шаҳри яқинидаги Трудовске қишлоғида жойлашган полигонда турган россиялик ҳарбий хизматчилар устига зарба йўллаганди. BBC рус хизмати маълумотига кўра, зарба оқибатида камида 60 киши ҳалок бўлган, Байкалорти ўлкаси (зарбага учраган бригада базаси айнан шу ерда жойлашган) раҳбарияти 16 нафар ҳарбий ўлимини тасдиқлаган.
  • 21 феврал куни эса украин армияси HIMARS орқали Херсон областининг оккупация остидаги қисмида жойлашган Подо-Калиновка қишлоғи яқинидаги полигонда РФ қўшинларига зарба берганди. Украина жанубий қўшинлар гуруҳи вакили Наталя Гуменюк зарба оқибатида «камида 60 нафар босқинчи жанговар позицияга умуман қайтмайдиган бўлгани»ни маълум қилганди.
Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top