Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” ички туризм ярмаркасини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ, 2024 йилдан бошлаб ҳар йили “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” ички туризм ярмаркаси:

март ва август ойларида – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида “тадбиркор билан тадбиркор” (B2B) ва “тадбиркор билан мижоз” (B2C) механизмлари асосида;
декабр ойида – республикада “тадбиркор билан тадбиркор” (B2B) механизмлари асосида ташкил этилади.

Белгиланишича:

  • ярмарка 2024 йилда Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан;
  • 2025 йилдан бошлаб ярмарка иштирок этувчи тадбиркорлик субъектлари маҳаллий бюджет ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан ўтказилади;
  • ярмарка доирасида давлат буюртмачиларига харид жараёни очиқлигини таъминлаган ҳолда ўз ходимлари учун Ўзбекистон бўйлаб саёҳатларни ташкил қилиш мақсадида энг яхши таклифларни танлаш натижаларига кўра туристик маҳсулотларни харид қилишга рухсат берилади;
  • ярмарка доирасида Туризм қўмитаси томонидан туризм соҳаси субъектларининг фаолиятини намойиш қилувчи тайёрланадиган тарғибот материаллар (фото, видео ва бошқалар) ижтимоий ахборотга тенглаштирилади;
  • 2025 йилдан бошлаб ҳар йили 1 февралга қадар Туризм қўмитаси томонидан ярмаркани ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилади;
  • 2025 йилдан бошлаб ҳар йили 10 февралга қадар Туризм қўмитаси томонидан Ярмаркани ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирлар дастури Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Туризм қўмитаси:

  • ярмаркалар ўтказилишидан камида икки ҳафта олдин тарғибот тадбирларини ташкил қилишни;
  • ярмаркаларга ички туризм йўналишида фаолият юритувчи туроператорлар, дам олиш масканлари, меҳмонхоналар ҳамда транспорт ташкилотларини иштирокини;
  • ярмаркаларга иштирок этувчи тадбиркорларни рўйхатини олдинда шакллантиришни;
  • ярмаркалар якунлари бўйича эришилган келишувлар ва шартномаларни рўйхатга олишни ҳамда мониторингни олиб боришни;
  • оммавий ахборот воситалари шу жумладан, кўп сонли аудиторияга эга бўлган блогерларни жалб қилган ҳолда мамлакат бўйлаб саёҳатга ундовчи турли видеороликлар ишлаб чиқишни таъминлайди.