Самарқандлик Наргиза Муҳаммадиева “Ёш китобхон” танловида биринчи ўринни эгаллади. Унга президент совғаси – Cobalt автомашинаси совға қилинди. Хўш, бу ёш китобхон қиз бир кунда қанча вақтини китоб учун сарфлайди, унинг энг асосий мотиватори ким? Наргизанинг яқинлари Kun.uz мухбири билан суҳбатда ғалаба йўлидаги синовлар, мағлубиятлар, ҳадиклар ҳақида гапириб берди.
Наргиза Муҳаммадиева Жомбой туманидаги 12-умумтаълим мактабида ўқийди. У қирқдан ортиқ бадиий-оммабоп китобларни ўқиб чиқди ва “Ёш китобхон” танловининг 10-14 ёш тоифасида биринчи ўринни эгаллади.


Биз Наргиза билан суҳбатлашар эканмиз, у дунёқараши, мулоқот ва нутқ маданияти жиҳатдан аллақачон тенгдошларидан илгарилаб кетганини пайқадик.

“Мен мағлубиятга ҳам тайёр эдим. Бугунги натижамга қадар кўп уриндим. “Ёш китобхон” танловининг вилоят, республика босқичида иштирок этдим. Бир неча марта мағлуб бўлдим. Насиб қилган экан, мана, шу йилда танловда мутлақ ғолибликни эгалладим. Ушбу муваффақиятимда ҳамиша қўллаб турган ота-онамга, устозларимга миннатдорчилик билдираман. Бу натижа билан тўхтаб қолиш ниятим йўқ.
Танловга тайёргарлик жараёнида бошқа фанларда бироз қолиб кетдим. Энди қолган фанларимни ҳам яхши ўзлаштириб олмоқчиман. Математика, инглиз тили фанларига қизиқаман. Ушбу фанларга алоҳида эътибор қилиб, ўз билимларимни ривожлантиришни мақсад қиляпман. Китоблар ҳаётнинг барча синовлари, қийинчиликларида ҳам тўхтаб қолмасликни ўргатди”, – дейди Наргиза Муҳаммадиева.
Маълум бўлишича, Наргизанинг танловларда иштирокини таъминлаш, унга зарур китобларни топиб беришда отаси Ўлмас Муродовнинг хизмати катта. Буни нафақат Наргизанинг ўзи, балки бу оилани яқиндан билганлар ҳам эътироф этди. Отаси қизини ҳамиша руҳлантириб келган, ишонч билдирган.

“Фарзандларимизга берган эътиборимиз учун қандайдир моддий манфаат кутиш нотўғри деб ҳисоблайман. Айримлар қизимнинг билими учун берилган автомашина билан мени қутлашди. Тўғри, рағбат инсонга керак. Аммо ҳақиқий рағбат қизимнинг ўқиган китоблари орқали унинг миясига қабул қилган хулосада деб биламан. Унинг дунёқараши, билимини қандайдир моддийлик билан алмаштириб бўлмайди. Бундан кейин ҳам фарзандларимнинг илм эгаси бўлиши учун ҳаракатни тўхтатмоқчи эмасман”, – дейди Ўлмас Муродов.

















