Ўзбекистонда 2023 йилда гиёҳванд воситалари билан қўлга олинган 30 ёшгача бўлган шахсларнинг 97 нафарини талабалар ташкил қилган. Сўнгги 5 йилда республикада наркотик моддалар савдоси учун жавобгарликка тортилган шахслар орасида ёшлар 74 фоизга ошган. Ўсмирларни бу хавфдан қандай ҳимоялаш мумкин? Ота-оналар нималарга эътибор бериши керак? Kun.uz мухбири ИИВ Тезкор-қидирув департаменти матбуот котиби, капитан Шокиржон Ҳошимов билан шу ҳақида суҳбатлашди.

Сўнгги йилларда гиёҳванд моддалар савдоси шаклларининг янгича усуллари пайдо бўляпти: анъанавий наркотиклар ўрнига улардан-да кучли, аммо тарқатиш қулай бўлган дорилар, психотроп моддалар муомалага кириб келди. Авваллари ёшларни фақат қурбон сифатида ўз домига тортган жиноятчилар энди уларни наркотик савдосига ҳам жалб қила бошламоқда.

Гиёҳванд, психотроп ва психофаол моддаларни истеъмол қилиш Ўзбекистонда сўнгги беш йилда кескин ошган. Хусусан, наркологик ҳисобга олинган 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган гиёҳвандлик воситалари истеъмолчилари 60 фоизга кўпайган.

Маълумотларга кўра, сўнгги беш йилда республика ҳудудида гиёҳванд, психотроп ва кучли таъсир қилувчи воситалар ноқонуний муомаласи учун жавобгарликка тортилган шахслар орасида ёшлар 74 фоизга, шу жумладан, талабалар 21 фоизга, мактаб ўқувчилари 6 баробарга ошган. Вазиятга айнан қандай омиллар сабаб бўляпти?

— Бунга асосий сабаб сўнгги йилларда бутун дунёда гиёҳвандлик воситалари савдосининг деярли тўлиқ интернетга кўчиб ўтганлигидир. Бугунги кунда гиёҳвандлик ва психотроп воситалар қўлма-қўл савдо орқали етказилмаяпти, барча жараёнлар интернет орқали ҳал қилиняпти: буюртма онлайн келишув билан жўнатиляпти ва интернет орқали тўлов қилиняпти. Жараёнда “товар”ни бир шахс келишилган манзилга яшириб кетади, олувчига локация ҳақида хабар берилади ва харидор уни ўша жойдан олиб кетади. Бундай ҳолатда сотувчи ва олувчи ўзаро дуч келмаслиги сабабли “савдо” хавфсизлиги таъминланади.

Табиийки, интернетдаги асосий контингент ёшлар ҳисобланади. Ҳатто ҳали мактабга бормайдиган болалар ҳам телефондан, интернетдан фойдаланишни яхши билади. Гиёҳванд моддалар ва кучли таъсир этувчи воситалар ортидан мўмайгина даромад топаман, деб хомхаёлда юрганлар эса ёшларнинг интернетни яхши билишидан фойдаланиб, уларни ўз тўрига илинтириши ҳолатлари кўп учраяпти. Ўтган 2023 йилда бу борада вояга етмаганлар билан боғлиқ 23 та ҳолатда жиноят иши қўзғатилган ва 56 нафар шахс терговга жалб этилган. Бундан ташқари, гиёҳванд воситалари савдоси билан шуғулланиш талабалар ўртасида ҳам кўпайиб бормоқда. Хусусан, ўтган йилда гиёҳванд воситалари билан қўлга олинган 30 ёшгача бўлган шахсларнинг 97 нафарини талабалар ташкил қилган.