Фарғона вилояти ҳокимининг Фарғона шаҳри марказидаги Ёшлар кўлини меҳмонхона, ресторан, савдо мажмуаси ҳамда кўп қаватли турар жойлар қуриш учун “Unays building” МЧЖга доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида бириктириб бериш ҳақидаги қарори ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди. Фаоллар кўл фарғоналикларга қайтарилиши керак деб ҳисобламоқда.

Ҳолатга муносабат билдирган “Миллий тикланиш” демократик партияси Бош прокуратурадан ушбу масалага ҳуқуқий баҳо берилишини сўрашини маълум қилган.

“Халқни рози қилиш, келажакда эмас, одамларга айнан бугун қулай шароитлар яратиш Янги Ўзбекистоннинг бош талабига айланган кунларда яшаяпмиз. Кейинги йилларда амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг айнан ана шу тамойил асосига қурилаётгани шубҳасиз, юртдошларимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлаётир.

Шунга қарамай, афсуски, айрим ҳолларда аҳоли кайфиятига салбий таъсир қиладиган ҳолатлар ҳам учраб турибди. ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинаётган мавзу – Фарғонадаги Ёшлар кўли ўрнида уй-жой бинолари қуриш билан боғлиқ ҳолат бунга мисол бўлиши мумкин. Бунда энг ёмони, она табиатга ва аҳоли истагига зид тарзда қабул қилинган қарор туфайли маҳаллий аҳоли ва ёшларда асосли эътирозлар юзага келмоқда.

“Миллий тикланиш” демократик партияси 2020 йилда таъмирланган, кейинги уч йилда эса номаълум сабабларга кўра сувсиз қолдирилган Ёшлар кўлининг тақдирига, шунингдек, аҳоли талаби ва қонунчиликка зид тарзда қабул қилинган қарорни бекор қилиши шарт, деб ҳисоблайди. Қайд этиш жоизки, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, вилоят ҳокимларининг ер бериш бўйича қарор қабул қилиш ваколатлари тугатилган.

Бас, шундай экан, Фарғона аҳлига, айниқса ёшларга спорт билан шуғулланиш учун хизмат қилган ҳудуд тақдирини битта қарор билан ўзгартириб юбориш бугунги кун талабига ҳам, қонунчилигимизга ҳам зиддир.

Шундан келиб чиққан ҳолда “Миллий тикланиш” демократик партияси бундай ноқонуний қарор чиқариш амалиётини кескин қоралайди ҳамда Бош прокуратурадан ушбу масалага ҳуқуқий баҳо берилишини сўрайди”, дейилади партия муносабатида.

Davletovuz Telegram-канали муаллифи Қобил Хидиров кўл ва парклар хусусий қўлларга берилмаслиги кераклигини, чунки улар ижтимоий неъмат эканлигини, Фарғонадаги кўл ҳам ҳақиқий эгаси – халққа қайтарилишидан умид қилишини билдирган.