Фарғона шаҳри марказидаги Ёшлар кўлининг 2,2 гектарлик ҳудуди 2023 йилда ҳам 5 ойлик фирмага бериб юборилиб, кўп ўтмай қайтариб олингани маълум бўлди. Бу ҳақда вилоят ҳокимининг қарори қабул қилинган.

Хайрулло Бозоровнинг 2023 йил 29 ноябрдаги қарори билан Ёшлар кўли ҳудуди “Polatov steel” МЧЖга доимий муддатга фойдаланиш ҳуқуқи билан бириктириб берилган.

Қарорга кўра, МЧЖга Ёшлар кўли бино-иншоотларига 60 млрд сўм инвестиция киритиш, 4 та 7 қаватлик отел апартамент, замонавий экспо маркази, Хитой ва Европа ресторани ҳамда замонавий пляж лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, 200 дан кам бўлмаган янги иш ўринлари яратиш шарти қўйилган.  Кадастр агентлиги Фарғона вилояти бошқармаси ва  Фарғона шаҳар ҳокимлигига объектга бириктириб берилган ер майдонига аниқлик киритиш ҳамда тегишли тартибда кадастр ҳужжатларини тайёрлаш топширилган. 

Аммо 2023 йилнинг 12 декабрига келиб вилоят ҳокими ўз қарорини бекор қилиш ҳақида қарор қабул қилган. Унда таъкидланишича, “Polatov steel” МЧЖ ҳокимликка хат билан мурожаат қилиб, молиявий аҳволи барқарор эмаслигини билдирган.

Очиқ маълумотларга кўра, “Polatov steel” МЧЖ 2023 йилнинг 31 май куни давлат рўйхатидан ўтказилган. Бор-йўғи 100 минг сўмлик устав капиталига эга бўлган МЧЖ таъсисчиси 100 фоизлик улуш билан Рустам Жўраев ҳисобланади.

Рустам Жўраев 2021 йил Фарғонадаги илк ҳолдинг дея шов-шув қилинган “MARAFON GROUP” ҳолдинги асосчиларидан бири сифатида кўринган.

Аммо “MARAFON GROUP” лойиҳаси нима экани ҳақида одамлар тузукроқ маълумот олмасидан туриб жимиб кетишган.  

Kun.uz “Polatov steel” МЧЖ таъсисчиси Рустам Жўраев билан боғланиб, Ёшлар кўли билан боғлиқ ҳолатга изоҳ олишга уриниб кўрди. Аммо қайта қўнғироқ қилишини айтган Жўраев  шу тариқа таҳририят билан боғланмади.