Иваново устида ҳарбий самолёт ёниб кетди, деб хабар берди сешанба куни IvanovoNews ва Kstati News нашрлари. Маҳаллий аҳоли вакиллари ёнғин чиққан двигател билан учаётган самолёт видеоларини тарқатган.
РФ мудофаа вазирлиги ҳалокат тўғрисидаги хабарларни тасдиқлади. «12 март куни соат 13:00 атрофида Иваново областида Ил-76 ҳарбий-транспорт авиацияси самолёти режалаштирилган парвозни амалга ошириш учун ҳавога кўтарилаётганида ҳалкатга учради», — дейилган хабарда.
Ҳарбий идорага кўра, қулаб тушган бортда экипажнинг саккиз аъзоси ҳамда етти нафар йўловчи бўлган. «Воқеа жойидан олинган ҳисоботга кўра, фалокатга самолёт ҳавога кўтарилиши вақтида двигателлардан бири ёниб кетиши сабаб бўлган», — дейилади баёнотда.
Иваново области губернатори Станислав Воскресенский қурбонларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдириб, уларга барча зарур ёрдамлар кўрсатилишини ваъда қилган.
Северний аэропорти узоқ масофадан радиолокацион аниқлаш самолётлари, жумладан А50 самолётлари дислокация базаларидан бири ҳисобланган. ВЧК-ОГПУ манбаси хабарига кўра, Иваново областида қулаб тушган Ил-76 йўловчилари шундай самолётнинг офицер операторлари бўлиши мумкин.
Гувоҳлар томонидан олинган видеоларда чиндан ҳам самолёт двигатели ёнаётгани, ёнғин ўчирилгач двигател тушиб кетгани кўринган.
Аввалига маҳаллий пабликлар Иваново-Северний аэродроми ҳудудида тутун устуни кўтарилгани ҳақида хабар тарқатганди.
Самолёт Иваново-Северний аэропортига қўниш учун қайтаётганида ҳалокатга учраган, борт Богородское қишлоғи ҳудудига қулаган, ҳозирда воқеа жойида қутқарувчилар иш олиб бормоқда, деб ёзган «Осторожно, новости» телеграм-канали.
Baza телеграм-канали хабар беришича, Иваново областида қулаб тушган Ил-76 самолёти ўқув парвозини амалга ошираётганди.
24 январ куни Белгород яқинида бошқа бир Ил-76 самолёти қулаганди. Россия мудофаа вазирлиги самолёт украинларнинг Харкив областида жойлаштирилган зенит-ракета комплексидан учирилган иккита ракета билан уриб туширилганини маълум қилганди.
Россия томонига кўра, самолёт қулаши оқибатида алмашув учун олиб кетилаётган 65 нафар украин ҳарбий асирлари, шунингдек, экипажнинг олти аъзоси ҳамда асирларни кузатиб бораётган уч нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган.

















