Россия 24 январ куни Белгород вилоятида Ил-76 ҳарбий-транспорт самолёти қулаши оқибатида ҳалок бўлганларнинг жасадларини Украинага топширишга тайёр. Бу ҳақда 1 март, жума куни «РИА Новости» агентлигига Россия Федерациясининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Татяна Москалкова маълум қилди. «Бунинг учун процессуал нуқтайи назардан зарур бўлган ҳамма нарса мавжуд. Жасадлар мавжуд тартиб-қоидалар бўйича топширилиши мумкин», - дея иқтибос келтиради агентлик россиялик расмий сўзларидан.
Москалкованинг сўзларига кўра, самолёт ҳалокати бўйича у Украина Олий радаси вакили Дмитрий Лубинец билан алоқада. Москалкова, шунингдек, Украина томони жасадларни топшириш имкониятидан манфаатдор эканлигини, Россияда «экспертиза натижаларига кўра, шахсни аниқлашга имкон берадиган тасдиқлаш ва барча ДНКлар бор»лигини маълум қилди.
Ил-76 қулаши: «ГУР» РФ билан музокараларни тасдиқлади
«Украина бир неча бор тажовузкор давлатга Ил-76 бортида ҳалок бўлган украиналик ҳарбий асирларнинг жасадларини топшириш бўйича мурожаат қилган. Бу йўналишда ишлар олиб борилмоқда», - дея Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси («ГУР») вакили Андрей Юсов «Укринформ» агентлигига Москалкованинг изоҳидан сўнг хабар берди.
Аввалроқ Юсов Россия Федерацияси Ил-76 самолёти ҳалокати бўйича халқаро тергов ўтказилишига рози эмаслигини таъкидлаган эди. Феврал ойи бошида у, шунингдек, Киев, Россия расмийларига кўра, ҳарбий-транспорт самолёти ҳалокатида ҳаётдан кўз юмган ҳарбий асирларнинг жасадларини қайтариш бўйича Москвага бир неча бор мурожаат қилганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Россия томони бунга жавоб бермаган.
Украина миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Алексей Данилов 9 феврал куни «Бабель» нашрига берган интервюсида Ил-76 бортида украиналик ҳарбий асирлар йўқлигини айтди. Украина президенти Володимир Зеленский Украина Хавфсизлик хизматига авиаҳалокатни текширишни, Бош разведка бошқармасига эса барча асирлар тақдирини аниқлашни топширди. Зеленский шунингдек, Киев воқеа юзасидан халқаро тергов ўтказилишини талаб қилишини айтди.
РТҚ 74 кишининг жасади ҳақида хабар берди
Ил-76 ҳарбий-транспорт самолёти 24 январ куни Белгород вилоятида, Яблоново қишлоғи яқинида ҳалокатга учради. Аввалроқ Россия Тергов қўмитаси (РТҚ) ҳалок бўлганларнинг барчаси жасад қолдиқлари аниқланганини маълум қилганди. Самолёт қулаган ҳудудда жами 670 дан ортиқ жасад парчалари, шунингдек, қисман сақланиб қолган шахсий ҳужжатлар топилди, дейилади департамент хабарида. Экспертиза топилган қолдиқлар олти экипаж аъзоси, уч ҳарбий полиция зобити ва 65 украиналик ҳарбий хизматчига тегишли эканлигини кўрсатди, дея таъкидлайди Россия тергови.
















