Жаҳон | 14:15 / 04.03.2024
8460
3 дақиқада ўқилади

Москалкова Ил-76 ҳалокати ҳақида: Украина жасадларни қабул қилишга рози

Олий раданинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Лубинец Киев Белгород яқинида ҳарбий-транспорт самолёти қулаши оқибатида ҳалок бўлганларнинг жасадларини қабул қилишга тайёрлигини тасдиқлади, деди Татяна Москалкова. 

Фото: Russian Investigative Committee/AP/picture alliance

Украина Белгород яқинида Ил-76 ҳарбий-транспорт самолёти ҳалокатида ҳаётдан кўз юмганларнинг жасадларини қабул қилишга рози бўлди. Бу ҳақда 3 март, якшанба куни Россиядаги инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Татяна Москалкова баёнот берди. Омбудсманнинг сўзларига кўра, 29 феврал куни у бу масалани Олий рада инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Дмитрий Лубинец билан муҳокама қилган ва у Киевнинг жасадларни қабул қилишга тайёрлигини тасдиқлаган.

Москалкова жасадларни топшириш қачон амалга оширилиши мумкинлигини аниқлаштирмади. Россия Федерацияси томонидан жасадлар бўйича барча экспертиза жараёнлари якунланди, дея қўшимча қилди у.

Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси («ГУР») вакили Андрей Юсов аввалроқ Киев украиналик ҳарбий асирларнинг жасадларини қайтариш масаласида Москвага бир неча бор мурожаат қилганини билдирган эди. Россия томони бу мурожаатларга жавоб бермади, деди Юсов.

Ил-76 Белгород вилоятида ҳалокатга учраган

Ил-76 ҳарбий-транспорт самолёти 24 январ куни Белгород вилоятининг Корочанск туманида Яблоново қишлоғи яқинидаги далага қулаб тушди. Вилоят губернатори Вячеслав Гладковнинг сўзларига кўра, бортдаги барча одамлар ҳалок бўлган. Telegram’даги «Важные истории» ва «ЧТД» каналлари Россия мудофаа вазирлигига таяниб, Ил-76 бортида алмашиш учун олиб кетилаётган 65 нафар украиналик асир, шунингдек, 6 нафар экипаж аъзоси ва 3 нафар ҳамроҳлик қилувчи шахс бўлганини маълум қилди. Россия мудофаа вазирлиги ҳалокатни «террор ҳужуми» деб атади ва бунинг учун Киевни айблади. 

Украина ҳарбий асирлар билан ишлаш бўйича мувофиқлаштирувчи штаб 26 январ куни Россия Федерацияси томонидан эълон қилинган 65 кишидан иборат рўйхатда украиналик ҳарбий асирлар борлигини тасдиқлади. Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Олексий Данилов феврал ойи бошида самолёт бортида украиналик ҳарбий асирлар борлигини рад этди.

Украина президенти Володимир Зеленский Украина хавфсизлик хизматига самолёт ҳалокати ҳолатини ўрганишни, Бош разведка бошқармасига эса асирлар тақдирини аниқлашни топширди. Зеленский шунингдек, Киев воқеа юзасидан халқаро тергов ўтказилишини талаб қилишини айтди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид