Бош прокуратура матбуот хизмати Бухоро вилояти Когон туманида автобус ҳамда юк автомобили иштирокида рўй берган йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан маълумот тақдим этди.

Маълум қилинишича, ҳодиса юзасидан Бухоро вилояти ички ишлар тергов органи томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дарҳол терговга киришилган. 

Бундан ташқари, Бухоро вилояти прокуратураси томонидан ўтказилган текширишда айрим мансабдор шахслар мактаб болаларини автобусда ташиш ва ҳамроҳлик қилиш ишларини ташкил қилишда қўпол қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйганликлари аниқланган.

Ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) билан жиноят иши қўзғатилди. 

«Тергов ҳаракатлари ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўтказилиши ва натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади», дейилади хабарда.

Нима бўлганди?

18 март куни Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати Бухоро вилояти Когон тумани ҳудудида автобус ва юк машинаси тўқнашиши оқибатида бир киши ҳалок бўлиб, бир киши жароҳатлангани ҳақида хабар берди. ИИВ маълумотида ўқувчи шифохонада вафот этгани айтилган, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги расмий ахборотида эса у воқеа жойида ҳалок бўлгани маълум қилинди.

Шунингдек, 25 нафар ўқувчига тез тиббий ёрдам кўрсатилган.

Kun.uz манбасига кўра, Когон туманидаги 5-ИДУМ ўқувчилари дарс пайтида Бухоро вилояти драма театрига томошага олиб кетилаётган бўлган.

Bugun.uz маълумотига кўра, мактабнинг 9-10-11-синф ўқувчиларидан иборат 54 нафар ўқувчиси икки автобусда ташилган.

Кўп ўтмай ҳодиса видеоси ижтимоий тармоқларда пайдо бўлди. Унда мактаб ўқувчиларини Бухоро шаҳрига театр томошасига олиб кетаётган автобус бетон қорувчи машина билан тўқнашгани акс этган. Видеода кўринишича, ЙТҲ содир бўлган чорраҳада ўша вақтда светофор ишламаётган бўлган, ҳаракатни тартибга солиш учун эса ЙПХ инспектори ҳам бўлмаган.