Жаҳон | 15:39 / 20.03.2024
3792
2 дақиқада ўқилади

Боррел Россия активларидан даромадни Киев учун қурол-яроғга сарфлашни таклиф қилди

Евроиттифоқ саммити арафасида ЕИ дипломатияси раҳбари Россия активларидан тушадиган даромаднинг 90 фоизини Украинага ҳарбий ёрдам учун ишлатиш таклифини киритишини маълум қилди. 

Фото: AP /picture alliance

Россиянинг Европа Иттифоқида музлатилган активларидан олинган даромад 90 фоизи Европа тинчлик жамғармаси (EPF) орқали Украина учун қурол сотиб олишга сарфланиши керак. 19 март, сешанба куни Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел маълум қилишича, у 20 март куни – 21-22 март кунлари бўлиб ўтадиган ЕИ саммити олдидан иттифоққа аъзо мамлакатларга шундай таклиф билан чиқади. 

Боррелнинг сўзларига кўра, бундай чора Украинага ҳар йили тахминан 3 миллиард евро ажратиш имконини беради. Европа дипломатияси раҳбари аниқлик киритишича, Россия активларидан тушган даромаднинг қолган 10 фоизи Украина мудофаа саноати салоҳиятини ошириш учун фойдаланиш мақсадида ЕИ бюджетига ўтказилиши мумкин. 

ЕИдан Украинага янги ҳарбий ёрдам 

Бир кун аввал, 18 март куни Брюссел ЕИ ташқи ишлар кенгаши қарорига мувофиқ, Европа Иттифоқи Украинага ҳарбий ёрдам учун яна 5 миллиард евро ажратишини маълум қилган эди. 

Европа тинчлик жамғармасининг молиявий чегараси жорий нархларда 5 миллиард еврога оширилади, бу маблағлар махсус яратилган Украинага ёрдам жамғармасига (Ukraine Assistance Fund, UAF) киритилади, дея тушунтирди Брюссел. Таъкидланишича, янги жамғарма Европа Иттифоқи мамлакатлари ва Норвегия мудофаа саноатидан қўшма харидларни кўпайтиришга қаратилган. 

Европа тинчлик жамғармаси Россиянинг Украинага тўлиқ миқёсли ҳарбий ҳужуми бошланишидан олдин тузилган ва унинг ҳажми 2021 йилдан 2027 йилгача бўлган даврда атиги 5 миллиард еврони ташкил этган. Уруш бошланганидан кейин жамғарма ҳажми 12 миллиард еврога оширилди, унинг маблағлари 5,6 миллиарди Украинага ёрдам беришга йўналтирилди. Ҳозир EPF ҳажми 17 миллиард еврога етди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид