Жаҳон | 15:25 / 26.03.2024
4604
3 дақиқада ўқилади

Болтиқбўйи мамлакатларида совет депортациялари қурбонлари хотирланди

1949 йил 25 мартда СССР ҳукумати Латвия, Литва ва Эстония аҳолисини Сибирга депортация қилиш бўйича яширин операцияни бошлади. Таллин ва Ригада бўлиб ўтган хотира маросимларида давлат раҳбарлари бу фожиани унутмаслик кераклигини таъкидлади.

Болтиқбўйи мамлакатларидан одамларни депортатсия қилишда фойдаланган чорва поезди (1949 йил март охири)
Фото: Lettisches Okkupationsmuseum

Эстония ва Латвияда 25 март, душанба куни роппа-роса 75 йил аввал совет ҳукумати томонидан Сибирга оммавий депортация қурбонлари хотирасига бағишланган маросимлар бўлиб ўтди. Операция пайтида Болтиқбўйи мамлакатларининг ўн минглаб аҳолиси қувғин қилинган, минглаб одамлар ҳалок бўлган. «Биз бу адолатсизликни унутмаймиз ва қурбонларни ёдда сақлаймиз», деди Эстония президенти Алар Карис Таллиндаги маросимда.

Латвия президенти Эдгарс Ринкевичс Ригада бўлиб ўтган хотира тадбирида сўзга чиқиб, «латиш халқининг коммунистик геноциди» тўғрисида маълум қилди. Карис сингари у тарихий воқеалардан ҳозирги кун учун сабоқ олиш кераклигини таъкидлади: «Биз Украина халқини Россияга қарши курашда қўллаб-қувватлашда давом этамиз», - дея қўшимча қилди у. 

Эстония, Латвия ва Литва 2004 йилдан бери Европа Иттифоқи ва НАТО аъзоси ҳисобланади. 

Совет иттифоқидаги операция

1949 йил 25 март куни эрталаб совет ҳукумати Болтиқбўйи мамлакатларининг ўн минглаб аҳолисини яширинча депортация қилишни бошлади. Оммавий сургуннинг мақсади Германия ва СССР ўртасида ҳужум қилмаслик тўғрисидаги пакт (Молотов-Риббентроп пакти) имзоланганидан кўп ўтмай, 1940 йилда босиб олинган ҳудудлар устидан якуний назоратни қўлга киритиш эди. 

Тарихчиларнинг фикрига кўра, операцияни тайёрлаш ва амалга оширишда СССР Давлат хавфсизлик вазирлиги ва партия органларининг 76 мингдан ортиқ ходими иштирок этган. 1949 йил март ойининг охирги ҳафтасида 95 мингга яқин одам депортация қилинди: 42 мингдан ортиқ киши Латвиядан, 30 мингдан ортиқ киши Литвадан ва 20 мингдан ортиқ Эстониядан. 

Депортация қилинганлар, асосан, Сибирга қайтиш ҳуқуқисиз чорва ташиш машиналарида олиб кетилган. Тадқиқотчилар фикрига кўра, минглаб одамлар йўлда ва сургуннинг ўзида ҳалок бўлган - депортация қилинганларнинг жами 15 фоизигача. 

Иосиф Сталин вафотидан сўнг совет ҳукумати қувилган Болтиқбўйи аҳолисига ўз уйига қайтишга аста-секин рухсат бера бошлади. Орадан фақатгина 40 йил ўтиб, 1989 йилнинг ноябрида совет иттифоқи депортация амалиётини ноқонуний деб тан олди. 

Мавзуга оид