08:45 / 08.04.2024
8733

АЭХА: Дрон портлаши Запорижжя АЭСдаги реактор қобиғига зарар етказди

Запорижжя АЭС асосий реакторининг ҳимоя қобиғига камида уч марта дрон келиб тегди. Россия ва Украина ҳужумда бир-бирини айбламоқда. 

Фото: Andrey BORODULIN/AFP/Getty Images

Запорижжя атом электр станцияси (ЗАЭС) ҳудудида дрон портлаши 2022 йил ноябр ойидан бери биринчи марта станциянинг асосий ядро реактори ҳимоя қобиғига зарар етказди. Бу ҳақда 7 апрел, якшанба куни Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) бош директори Рафаэл Гросси X ижтимоий тармоғида маълум қилди. Унга кўра, реактор ҳимоя қобиғига камида 3 та зарба бўлган. 

Гросси, шунингдек, ҳодиса Запорижжя АЭСда «ядро хавфсизлигига таҳдидларнинг жиддий кучайиши» эканлигини таъкидлади. «Бундай эҳтиётсиз ҳужумлар йирик ядровий авария хавфини сезиларли даражада оширади ва зудлик билан тўхтатилиши керак», — деди у. 

Украина ва Россия Запорижжя АЭСга қилинган ҳужумда бир-бирини айбламоқда 

Запорижжя АЭС ҳудудида учувчисиз учоқ портлагандан сўнг, Россия Федерациясининг томонидан тайинланган станциянинг «бошқаруви» ҳужумда Украина Қуролли кучлари (УҚК)ни айблади. Бунга жавобан Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси («ГУР») вакили Андрей Юсов ҳодисада Россия қўшинларини айблаб, дрон зарбасини «имитацион» деб атади. 

Россия ҳарбийлари 2022 йил март ойи бошида Запорижжя атом электр станциясини эгаллаб олди. Ушбу объект қайта-қайта ўққа тутилгани учун халқаро ҳамжамият хавотирга тушяпти. 

Гросси: Запорижжя АЭСда деярли барча хавфсизлик протоколлари бузилган 

Март ойи бошида Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) раҳбари Рафаэл Гросси Россия ҳарбийлари назорати остидаги Запорижжя АЭСда АЭХАнинг еттита ядровий ва жисмоний хавфсизлик протоколларидан олтитаси тўлиқ ёки қисман бузилганини айтди. 7 март куни АЭХА бошқарувчилар кенгаши Запорижжя атом электр станциясидан россиялик ҳарбийлар ва бошқа ходимларни зудлик билан олиб чиқиб кетиш ва уни зудлик билан Украина ваколатли органларининг тўлиқ назоратига қайтаришни талаб этувчи резолюция қабул қилди. Кремл АЭХАнинг чақириғини рад этиб, уни «Россия суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига ҳужум» деб атади. 

2022 йил 4 мартдан бери Россия қўшинлари томонидан эгаллаб олинган Запорижжя атом электр станцияси ўз ҳудудидан ташқаридаги электр узатиш линиялари шикастлангани сабабли саккиз марта электр таъминотдан ўчирилган.

Top