Жаҳон | 09:49 / 14.04.2024
22546
4 дақиқада ўқилади

Исроил Эроннинг деярли барча ракета ва дронлари уриб туширилганини маълум қилди

Дронларнинг бир қисми Америка кучлари томонидан тўхтатилган. Шунингдек Британия ва Иордания самолётлари ҳам дронларни тутиб олиш ишларида иштирок этган.

Фото: EPA

Эрон 300 дан ортиқ камикадзе дронлар, қанотли ва баллистик ракеталар билан «ёпирилма» зарба йўллади, дея маълум қилди Исроил мудофаа армияси расмийси, контр-адмирал Даниэл Ҳагари. Унинг маълумотига кўра, Эрон жами 170 дрон, 30 та қанотли ракеталар ва 120 та баллистик ракеталар учирган.

Исроил мудофаа тизими ҳамда унинг минтақадаги иттифоқчилари ракета ва пилотсиз учар қурилмаларнинг мутлақ кўпчилик қисмини тўхтатиб қолган. Унинг сўзларига кўра, ўнлаб ҳаво нишонлари Исроил ҳудудига кирмасдан тутиб қолинган.

Ҳагари Эрон ракеталари парчалари тушиши оқибатида Исроил ҳарбий объектларидан бирига зарар етганини маълум қилган. У қандай объект ҳақида гап бораётганига аниқлик киритмаган. Исроил нашрлари маълумотига кўра, мамлакат жанубидаги Негев саҳросидаги ҳарбий авиабаза ҳужумга учраган бўлиши мумкин. Ижтимоий тармоқларда ушбу ҳудудга қанотли ракеталар келиб тушиши оқибатида портлашлар рўй бергани видеолари тарқалган.

Ynet портали исроиллик юқори мартабали мулозимлардан бирига таянган ҳолда Эрондан учирилган дрон ва ракеталарнинг 99 фоиз қисми уриб туширилгани ҳақида хабар тарқатган.

Ynet суҳбатдоши Эрон ўз ҳудудидан туриб Исроилга илк бор ҳужум қилиши фактига эътибор қаратиб, бу «қатъий жавоб қайтарилишини талаб этиши ва бу яқин вақтлар ичида рўй бериши»ни билдирган.

Эрон томонидан пилотсиз учар қурилмаларнинг бир қисми Америка кучлари томонидан Исроил ҳудудига киришидан олдин тутиб қолинган. Sky News хабарига кўра, дронларни тўхтатишда Буюк Британия ҳарбий-ҳаво кучлари ҳам иштирок этган. Яна ўнлаб дронлар Иордания самолётлари томонидан уриб туширилган. Ҳужум вақтида бутун Исроил бўйлаб ҳаво тревогаси эълон қилинган.

Шу билан бирга, Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси «оккупация қилинган ҳудудлар»да ўнлаб нишонларга муваффақиятли зарба берилганини маълум қилган, деб хабар қилади Эроннинг Tasnim агентлиги.

Бадавийларнинг Исроил жанубидаги Арад шаҳри яқинида ракета парчалари тушиши оқибатида 10 ёшли қиз яраланган, деб хабар қилган Исроил тез ёрдам хизмати (MDA).

  • Эрон 1 апрел куни Дамашқдаги консулхонасига авиазарба берилишига жавобан 14 апрелга ўтар кечаси Исроил томон ўнлаб дронлар ва қанотли ракеталар учирди. Ўшанда зарба оқибатида Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг етти нафар аъзоси ҳалок бўлганди.
  • Ҳужум бошланганидан кейин Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу фавқулодда мурожаат билан чиқиб, Исроил Эрон томонидан тўғридан тўғри зарбага тайёрлиги ва бунга жавоб қайтаришини маълум қилди. Исроилда ҳарбий кабинетнинг шошилинч йиғилиши чақирилди. АҚШ президенти Жо Байден ҳужум бошланишидан олдинроқ ўз таътилини тўхтатиб, Оқ уйда миллий хавфсизлик бўйича жамоаси билан Эроннинг Исроилга ҳужумини муҳокама қилиш учун Вашингтонга қайтганди.
  • Исроиллик ҳарбийлар дронлар мамлакат ҳудудига етиб келиши учун бир неча соат вақт кетишини айтганди. Маълум вақтдан кейин Эроннинг БМТдаги вакили ҳужум якунлангани тўғрисида маълум қилди, бу вақтда Эрон ракеталари ва дронлари ҳали Исроил ҳудудига кирмаганди. «Масалани ёпилган деб ҳисоблаш мумкин, аммо Исроил режими яна бир хатога йўл қўйса, ўшанда Эроннинг реакцияси янада қатъийроқ бўлади», — дейилган хабарда.

Мавзуга оид