Эрон Исроил йўналишида ўнлаб ракеталар учирди. Бу ҳақда 13 апрел куни кечқурун Исроил мудофаа армияси маълум қилди. ЦАҲАЛ расмий вакили Даниэл Ҳагари Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари дронларни кузатиб бораётгани ва пилотсиз учар қурилмалар мамлакат ҳудудига бир неча соат ичида етиб келиши мумкинлигини айтган. «12-канал» манбасига таяниб хабар беришича, дронларни улар Исроил ҳаво кенгликларига кириб келишидан олдинроқ уриб тушириш режалаштирилган.

Ynet ва Исроилдаги бошқа манбалар исми сир қолдирилган амалдорга таяниб, Эрон дронлардан ташқари қанотли ракеталар ҳам учирганини хабар қилган. Улар, дронлардан фарқли ўлароқ, Исроил ҳудудига икки соатдан камроқ вақт ичида етиб келиши мумкин. АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Эдриэн Уотсон Вашингтоннинг баҳоларига кўра, ҳужум «бир неча соат давом этиши»ни айтган. CNN ўз манбасига асосланиб, жами юзга яқин дрон учирилганини хабар қилган. Айрим манбаларда эса Эрон ва унинг иттифоқчилари жами 500 тагача дрон учирганини тахмин қилмоқда.

Эрон дронлари Исроилга етиб боргунича 7 соатдан 9 соатгача вақт сарфлаши мумкин. Эрон 13 апрел куни кечқурун учирган дронлар Исроил ҳудудига маҳаллий вақт билан 14 апрел куни соат 2:30 дан соат 5:00 га қадар (Тошкент вақти билан 4:30 дан 7:00 гача) бўлган вақт оралиғида кириши мумкин. Айни вақтда телеграм-каналларда Эрон ва қўшни мамлакатлар устидан учаётган қанотли ракеталар тасвирлари тарқалган.

Эрон давлат нашрлари ҳужум фактини тасдиқлаган. «Сионист режимнинг Дамашқдаги Эрон элчихонаси консуллик бўлимига ҳужумига жавобан Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси ҳарбий-ҳаво кучлари ўнлаб пилотсиз учар қурилмалар ва ракеталар ёрдамида сионистик режим ҳудудларидаги нишонларга зарба йўллади», — дейилган корпуснинг телевидение орқали ўқиб эшиттирилган баёнотида.

Бинямин Нетаняҳу миллатга мурожаат қилди. У Исроил кўп йиллар давомида Эрон томонидан бўладиган тўғридан тўғри ҳужумга тайёргарлик кўрганини ва ҳозирда барча мудофаа тизимлари саф тортгани, ҳукумат эса «ҳимояланишда ҳам, ҳужум қилишда ҳам ҳар қандай сценарийга тайёр тургани»ни айтган. «Исроил давлати кучли, ЦАҲАЛ кучли, халқимиз кучли», — деган у. Бош вазир мамлакатни ҳар қандай таҳдиддан «совуққонлик ва қатъият» билан ҳимоя қилишга ваъда берган.

Ҳужум бошланганидан бир неча соат ўтиб Эрон унинг «якунлангани» ҳақида хабар берди. «Эрон Дамашқдаги ҳужумдан кейин БМТ Низоми 51-моддасига биноан ўзини мудофаа қилиш ҳуқуқини амалга оширди. Мавзуни ёпилган деб ҳисоблаш мумкин, аммо Исроил режими яна бир хатога йўл қўйса, ўшанда Эроннинг реакцияси янада қатъийроқ бўлади», — дейилган Эроннинг БМТдаги миссиясининг ижтимоий тармоқларида. Шунингдек, Бу Эрон ва Исроил режими ўртасидаги можаро экани, АҚШ бу ҳодисалардан нари туриши кераклиги таъкидланган. Бу вақтда дронлар ва ракеталар ҳали Исроил ҳудудига етиб бормаганди.