Эроннинг Исроилга кутилган ва кутилмаган зарбалари фонида минтақа сиёсати кескин ўзгариши мумкин. Можарода АҚШ, Россия, Хитой каби қудратли давлатлар, шунингдек араб давлатларининг позициялари ҳам муҳим. Ҳўш энди Исроил Эронга янги зарба берадими?

Kun.uz мавзунинг муҳим нуқталарини сиёсий таҳлилчилар Камолиддин Раббимов ва Шавкат Икромовлар билан таҳлил қилди.

Эроннинг Исроилга жавоби минтақада қандай янги вазиятни ҳосил қилди, зиддиятлар қайси босқичга кўтарилди?

Шавкат Икромов: — Эроннинг ҳужумини кенг кўламли, катта талафот етказувчи сифатида баҳолаб бўлмайди. Экспертлар буни Эроннинг дрон паради деб ҳам атади. Чунки Эрон ҳужумдан олдин кўп огоҳлантириш, сигналлар берди ва Исроил мудофаага улгурди. Эрон зарбалари ҳарбий ва ҳукумат объектларига йўлланди. Эрон ҳужумдан кейин БМТда баёнот бериб, «бизнинг Исроил бўйича ишимиз якунланди», деди. Агар Исроил жавоб зарбаси қайтармаса, бу можаро шу нуқтада тўхтайди ва Яқин Шарқдаги вазиятга катта таъсир кўрсатмайди.

Эроннинг бошқа йўли йўқ эди. Унинг Яқин Шарқда бир қанча ҳамкор ташкилотлари бор, ҲАМАС, «Ҳизбуллоҳ», ҳусийчилар каби. Мана шу кучлар Эроннинг жавобини кутаётганди. Агар Эрон жавоб зарбаси бермаса, ҳамкорлари орасидаги обрўсига путур етарди. 2020 йилда Қосим Сулаймонийга уюштирилган суиқасдга ҳам муносиб жавоб қайтарилмаганди. Бу сафар ҳам бир неча ҳарбий ва элчихона ходимлари йўқотилди ва жавоб қайтармасликнинг иложи йўқ эди.

Аслида, Эрон уруш қиладиган вазиятда эмас. Ғазодаги уруш бошлангандан бери Эрон Исроил томонидан турли йўллар билан урушга жалб қилиняпти, лекин Эрон ҳукумати максимал даражада бу урушдан ўзини тортаётган эди. 1 апрелдан 12 апрелгача ҳам ҳужум қилмасдан муаммони ҳал қилишга уринди, лекин барибир ҳамкорларига заиф бўлиб кўринмаслик учун бу ишни амалга оширди.

Эрон «Ҳизбуллоҳ» ёки ҳусийчилар орқали бу ишни қилиши, Исроилнинг бошқа ердаги объектларига зарба бериши мумкин эди, лекин бевосита ўзи Исроилга ҳужум қилди. Халқаро экспертлар Эрон шундай қилишга мажбур эди, лекин ички муаммоларга ҳам йўл очилиши мумкин, дейди.

Халқаро ҳуқуқ нуқтайи назаридан бу ҳужум қандай баҳоланади?

Шавкат Икромов: — Ҳақли эди Эрон, АҚШ ҳам шундай деганди. Лекин барибир Эрон бундай таваккал қилмагани маъқул эди. Бу нарса Исроилнинг Эронни Ғазодаги вазиятга тортиш режаси қайсидир маънода амалга ошганини ҳам кўрсатади.