Москва Басманний райони суди РФ мудофаа вазири ўринбосари Тимур Ивановни ҳибсга олишга санкция берди. Вазир ўринбосари камида 23 июнга қадар «Лефортово» тергов изоляторида ҳибсда бўлади. Унга нисбатан ўта йирик миқдордаги пора олиш бўйича айблов эълон қилинган (РФ ЖК 290-моддаси 6-қисми) — Иванов саккиз йилдан 15 йилгача қамоққа ҳукм қилиниши ёкии кўп миллионлик жаримага тортилиши мумкин. Иш фабуласи ҳозирча аниқ эмас — тергов ҳам, ҳимоячилар ҳам тафсилотларни ошкор қилмаяпти. Суд хабарида фақат пора «мудофаа вазирлиги эҳтиёжлари учун пудрат ва субпудрат ишларини бажаришда мулкий хусусиятга эга хизматлар кўрсатиш шаклида» олингани қайд этилган.

Ивановнинг адвокати Денис Балуев ОАВга бир-бирига зид келувчи маълумотлар тақдим этган. У ТАСС агентлигига ишда «пул пора предмети сифатида кўрилмаётгани» ва «ақлга сиғадиган миқдор — бир миллион рублдан кўпроқлиги»ни айтган. «Коммерсант FM» билан суҳбатда эса у ишда «пул пора предмети сифатида кўрилаётгани», аммо «бу нисбийлиги ва таҳрир қилиниши»ни билдирган. «Аммо бу ўринда биз кундалик ҳаётда қандайдир ноқонуний ҳаракат ёки ҳаракатсизлик учун пул кўринишида бериладиган хрестоматик пора ҳақида гап кетмаяпти, бу ерда иш таркиби анча мураккаброқ», — дея қайд этган у. Балуев шунингдек Иванов айбига иқрор бўлмагани ва «тергов билан ҳамкорлик қилаётгани»ни айтган.

Иванов билан бирга яна бир фигурант ҳибс қилинган, бизнесмен Сергей Бородинга ҳам худди Ивановники каби модда бўйича айблов қўйилган. Суднинг қайд этишича, Бородин ва Иванов «дўстона алоқада бўлганида» жиноий тил бириктирган. «Досье» маркази 2023 йилги суриштирувида Бородинни вазир ўринбосарининг «ишончли одами» деб атаган — хусусан, журналистлар маълумотига кўра, унинг раҳбарлигидаги «Волжский берег» компанияси Ивановга Твер областида катта уй қуриб берган. Бородин — бир неча компанияларга, шунингдек «Красние звезди» ҳаваскор ҳоккей клубига эгалик қилади, бу клуб «мудофаа вазири ўринбосари жамоаси» номини