Жорий йил 16 апрел куни Тошкент Кимё халқаро университетида ISO 9001:2015 сифат менежменти тизимининг мувофиқлик сертификатини тантанали топшириш бўйича тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда университет профессор-ўқитувчилари ҳамда ISO 9001 сифат менежменти тизими стандарти бўйича сертификатлаштириш органи ходимлари иштирок этди.

ISO 9001 сертификати нима?

ISO 9001 сифат менежменти тизими дунё миқёсида қабул қилинган халқаро стандарт бўлиб, у нафақат мижозларнинг талаб-эҳтиёжларини қондиришга, балки ташкилот олдида турган стратегик бизнес-вазифаларни ҳал қилишга ҳам йўналтирилган. Сертификатлаштириш жараёнида хизмат кўрсатиш соҳасидаги рисклар ва имкониятларни баҳолаш, бошқарув жараёнидаги хато-камчиликларни бартараф этиш ва олдини олиш имкони яратилади.

 

Ушбу сертификатга эга бўлиш олдидан Тошкент Кимё халқаро университетида аккредитация бўйича Бирлашган қиролликдаги ягона миллий орган ҳисобланган Буюк Британиянинг UKAS – Бирлашган қироллик аккредитация хизмати томонидан аккредитацияланган, дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатларида ўз идораларига эга бўлган URS Certification – Сертификатлаштириш мустақил органининг Ўзбекистондаги расмий ҳамкори “Russkiy Registr – Srednaya Azia” ОАЖ сертификатлаштириш органи мутахассислари томонидан ташқи аудит ўтказилди. UKAS ва URS сертификатлари мувофиқликни баҳолаш, хусусан, сертификатлаш, синов, инспекция, калибровка ва верификация каби хизматларни тақдим этувчи ташкилотларнинг миллий ва халқаро стандартларга мувофиқлигини баҳолаш учун тан олинган сертификатлардир. Аудит натижаларига кўра, “Тошкент Кимё халқаро университети” ОАЖ ISO 9001:2015 сифат менежменти тизими халқаро стандарти талабларига жавоб бериши тасдиқланди.

Халқаро даражада тан олиниш ва битирувчилар учун ёрқин келажак

Даволаш иши ва стоматология йўналишлари раҳбари Жобир Аҳмедов сертификатга эга бўлишнинг афзалликлари ҳақида маълумот берди:

“Бу сертификатни олиш учун халқаро даражадаги талаблари бор. Булар дунёнинг етакчи университетлари олдига қўйилган талаблар ҳисобланади. Бунда университет фаолиятининг ҳар бир босқичи алоҳида экспертлар гуруҳи томонидан ўрганиб чиқилади.

ISO 9001 сертификати – таълим сифатига берилган баҳо деб айтишимиз мумкин. Бугун давлат ва хусусий олий таълим муассасалари ўртасида ижобий рақобат пайдо бўлди. Бунда таълим сифати жуда катта аҳамиятга эга. Шундай сертификатнинг борлиги эса университетнинг катта имижи ҳисобланади. Чунки сертификатга эга бўлган университетда ўқиш истагини билдирган талабалар сони кўпаяди. Нафақат ўзимизда, балки хорижда ҳам буни истайдиган абитуриентлар сони ортади.