BBC у ва ишдаги бошқа айбланувчилар бўйича маълумотларни тўплади.

Асосий айбланувчи — Тимур Иванов, мудофаа вазири ўринбосари, коррупцияга қарши суриштирув қаҳрамони

 

РФ мудофаа вазири ўринбосари Тимур Иванов (чапда иккинчи) оккупация қилинган Мариуполдаги турар жой қурилиш ҳудудида, 2022 йил июн ойи. Фото: YEGOR ALEYEV/TASS

Тимур Ивановга қарши жиноий иш ҳақида 23 апрел куни кечқурун маълум бўлганди. РБК маълумотига кўра, Иванов ўша куни соат 17:00 атрофида ўз хизмат кабинетида қўлга олинган. Шу куни мудофаа вазирлигида ҳайъат кенгаши йиғилиши ўтказилган, унда вазир Сергей Шойгу ҳам, Иванов ҳам иштирок этган.

Кейинги куни суд Тимур Ивановни ҳибсга олиш тўғрисида қарор чиқарди. Судда ҳам у погонлар ва орден планкалари (узун тахтача)га жойида турган ҳарбий формада кўриниш берди — бу жиноий ишларда юқори мартабали фигурантлар билан камдан кам учрайдиган ҳолатдир. Суд залидан чиқаётганда олинган видеода эса у фуқаролик кийимида бўлган, унинг билакларида кишанлар кўриниб турган.

Унинг адвокати Мурад Мусаевнинг сўзларига кўра, Иванов гўёки «мудофаа вазирлигининг қайсидир пудратчи компанияларига ёрдам кўрсатган», бунинг эвазига бу компаниялар «Ивановга тегишли бўлган объектларда текинга қурилиш-таъмирлаш ишларини бажаргани»да айбланмоқда. Унга РФ Жиноий кодексининг 290-моддаси, 6-қисми билан айблов қўйилган (ўта йирик миқдорда пора олиш бўйича модда, бунинг учун 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиш мумкин). Иванов ўз айбига иқрор бўлмаган.

Тимур Иванов 2016 йилдан буён мудофаа вазири ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди (ТАСС хабарига кўра, у 24 апрелда лавозимидан четлатилган). Уни Сергей Шойгунинг эски таниши ва сафдоши деб билишади: 2012 йилда Иванов Москва области маъмуриятида вице-премер бўлганди, ўшанда ҳудудга Шойгу раҳбар эди.

Иванов сўнгги йилларда мудофаа вазирлигида йирик ҳарбий қурилишларга масъул бўлган: Россия босқини даврида вайрон бўлган Мариуполни тиклашда, Россия қуролли кучларининг асосий ибодатхонаси, «Шарқий» космодроми, мудофаа вазирлигининг Covid-19 га чалинган беморлари даволанадиган тиббиёт маркази қурилиши кабиларда.

Иванов ҳибсга олинишидан анча олдинроқ ўзининг ҳашаматли ҳаёт тарзи билан танилганди, шунинг учун кузатувчилар унга қарши жиноий иш очилишига айнан коррупция сабаб бўлганига шубҳа қилишмаяпти.