Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россияда мудофаа вазири собиқ ўринбосари Ивановнинг активлари хатловга олинди
Россия Федерацияси мудофаа вазири собиқ ўринбосари ва унинг қариндошларининг мол-мулки «кейинчалик Иванов айбдор деб топилган тақдирда тегишли чоралар кўриш учун» хатловга олинди.
Москва суди Россия мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари Тимур Иванов ва унинг қариндошлари кўчмас мулки, активлари ва банк ҳисобрақамларини музлатиб қўйди. Бу ҳақда 25 апрел, пайшанба куни ҳуқуқ-тартибот органларининг исми ошкор этилмаган ходимига таяниб, ТАСС агентлиги хабар берди. «У ва рафиқаси, шунингдек, собиқ хотинлари ва беш фарзанди, жумладан, асраб олинган болаларга тегишли бўлган барча нарсалар пойтахт суди томонидан Иванов кейинчалик айбдор деб топилган тақдирда тегишли чоралар кўриш мақсадида хатловга олинди», - дея суҳбатдошидан иқтибос келтиради агентлик.
Тимур Ивановнинг қамоққа олиниши
Москванинг Басманний туман суди 24 апрел, чоршанба куни Россия Федерацияси мудофаа вазири ўринбосари Тимур Ивановни икки ой муддатга, 23 июнга қадар тергов изоляторига жўнатди. Ивановга нисбатан катта миқдорда пора олганлик айблови қўйилган (Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 290-моддаси 6-қисми, 15 йилгача қамоқ жазоси). «Терговнинг фикрича, Иванов учинчи шахслар билан жиноий тил бириктириб, уюшган гуруҳ томонидан шартномалар тузиш ва субпудрат жараёнида мулкий хусусиятга эга хизматлар кўрсатиш шаклида ўта йирик миқёсда жиноят содир этишни мақсад қилган», дейилади судларнинг қўшма матбуот хизмати хабарида.
Вазир ўринбосари билан бирга унинг шериги деб тахмин қилинган Сергей Бородин ҳам ҳибсга олинган. У ҳам икки ой муддатга тергов изоляторига жўнатилган.
Шу куни Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Тимур Ивановни вазир ўринбосари лавозимидан четлаштириш ҳақидаги буйруқни имзолади.
Тимур Иванов ишига алоқадор учинчи шахс ҳибсга олинди
25 апрел куни Россия ОАВ Тимур Иванов ишига алоқадор учинчи шахс – «Олимпситистрой» компанияси асосчиси Александр Фомин ҳибсга олингани ҳақида хабар берди. Москванинг Басманний суди қарори билан у Россия Федерацияси мудофаа вазири ўринбосарига пора берганликда гумонланиб, 2024 йил 23 июнгача ҳибсда сақланади, деб ёзади ТАСС суд матбуот хизматига таяниб. Хабарга кўра, Фомин Ивановга қарши кўрсатма берди.
«Тергов маълумотларига кўра, Фомин Иванов билан ишончли муносабатларда бўлиб, биноларни таъмирлаш ёки реконструкция қилиш билан боғлиқ товарлар, ишлар ва хизматлар учун ҳақ тўлаш мажбуриятидан озод қилиш шаклида мулкий хизматлар кўрсатган», - дейилади маълумотда. «Шунингдек, Фомин ва бошқа шахслар уюшган гуруҳ сифатида Ивановнинг уларга ноқонуний мулкий хизматлар кўрсатиш шаклида катта миқдордаги пора олишига ҳисса қўшган», — дея агентлик суд матбуот хизматидан иқтибос келтирган.
Журналистлар ихтиёрида бўлган «Олимпситистрой» компаниясининг бухгалтерия ҳисобига таяниб, ТАСС шунингдек, Александр Фомин компанияси «2022 йилда соф фойдасини деярли икки баравар - 2,8 миллиард рублгача оширгани» тўғрисида маълум қилди. 2021 йилда, агентлик келтирган ҳужжатларга кўра, «Олимпситистрой»нинг соф фойдаси 1,6 миллиард рублни ташкил қилган.
Пора ёки давлатга хиёнат?
Шу билан бирга, «Первый отдел» лойиҳаси ҳуқуқ фаоллари «мудофаа вазири ўринбосари Ивановнинг ҳибсга олинишига давлатга хиёнатда гумон қилинаётгани сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақидаги билвосита далилларни кўраётганини» билдирди.
Хусусан, адвокат Евгений Смирнов Ивановнинг оператив кузатуви ҳарбий контрразведка бошқармаси томонидан амалга оширилганлигига эътибор қаратди. «Бу бўлим коррупцияга алоқадор муаммолар билан шуғулланмайди», - дея таъкидлади эксперт.
Аввалроқ, Тимур Ивановнинг иши давлатга хиёнат бўйича гумонлар билан боғлиқ деган тахминни «Важные истории» интернет-нашрининг «ФСБ»га яқин манбалари билдирган эди.
Мавзуга оид
19:29 / 22.09.2025
Россия ҳар қандай таҳдидларга жавоб беришга қодир – Путин
15:20 / 22.09.2025
Қрим «ҳокимияти» Украина Форосга зарба берганини маълум қилди
14:35 / 22.09.2025
Германия Болтиқ денгизидаги Россия самолёти туфайли қирувчиларини ҳавога кўтарди
12:25 / 22.09.2025