ЕИ Путиннинг инаугурациясида иштирок этиш борасида бир қарорга келолмаяпти
Европа Иттифоқининг аксарият давлатлари, жумладан Германия ҳам Кремлдаги маросимга ўз вакилларини юбормайди.
7 май, сешанба куни Кремлда бўлиб ўтадиган Владимир Путиннинг Россия Федерацияси президенти лавозимига киришиш маросимида ўз вакилларининг иштирок этиши масаласида Европа Иттифоқи давлатлари турлича фикрда.
Хусусан, Франция, Венгрия ва Словакия «алоқа каналларини очиқ сақлаш» мақсадида Россия томонининг таклифини қабул қилмоқчи, деб ёзади dpa агентлиги Брюсселдаги бир неча дипломатларга таяниб. Айни пайтда Европа Иттифоқининг кўплаб бошқа аъзолари, жумладан Германия ҳам Путиннинг инаугурация маросимида қатнашмасликка қарор қилди.
«Германия бу тадбирда иштирок этмайди», деди 6 май куни Германия ташқи ишлар вазирлиги вакили. Аввалроқ Германия ҳукумати ГФРнинг Москвадаги элчиси Александер Ламбсдорффни Германия Социал-демократик партияси почта серверига россиялик ҳакерларнинг киберҳужумларга алоқадорлиги ҳақидаги маълумотлар билан боғлиқ ҳолда маслаҳатлашувлар ўтказиш учун бир ҳафтага Берлинга чақириб олганини маълум қилганди.
6 май оқшомида Владимир Путиннинг бешинчи президентлик муддатига инаугурациясига таклифни қабул қилишдан бош тортгани ҳақида Европа Иттифоқининг Брюсселдаги ташқи сиёсат хизмати ҳам хабар қилди. Аввалроқ Европа Иттифоқи ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел ЕИ вакилининг маросимда иштирок этишига қарши чиққан эди. Бироқ, баъзи дипломатлар бу фикрга қўшилмади, дея таъкидлайди dpa. Агентликка кўра, уларнинг далиллари шундан иборатки, бундай қадам Россияга келажакда дипломатик қоидалар ва меъёрларга янада кўпроқ эътибор қилмаслик учун асос беради.
Британиянинг Путин инаугурациясида иштирок этишдан бош тортиши
Европа Иттифоқига аъзо бўлмаган Буюк Британия ҳам 7 май куни Кремлга ўз вакилини юбориш ниятида эмаслигини маълум қилди.
«Бирлашган Қироллик 2024 йил 7 май куни бўлиб ўтиши керак бўлган президент Владимир Путиннинг инаугурациясига ўз вакилини юбормайди. Россиянинг Украинага ҳужуми - суверен давлатга асоссиз, қасддан ва ваҳшийларча ҳужумдир», - дея Британия Ташқи ишлар вазирлигининг баёнотидан иқтибос келтиради Reuters агентлиги.
7 май куни 71 ёшли Владимир Путин бешинчи марта Россия Федерацияси президенти сифатида қасамёд қилиши керак. Март ойида бўлиб ўтган сайловларда Россия Федерацияси Марказий сайлов комиссияси амалдаги давлат раҳбарини қўллаб-қувватловчи овозларнинг 87 фоизини ҳисоблаб чиқди. Ғарб Россия сайловларини эркин ва адолатсиз деб танқид қилди.
Мавзуга оид
22:34
Россия–Украина уруши тугайдими? Путин нимани хоҳлайди?
07:50
Анапа аҳолиси мазут тўкилиши сабабли Путинга мурожаат билан чиқди
14:14 / 23.12.2024
Кремлда Путин ва Словакия бош вазири ўртасида учрашув бўлиб ўтди
10:43 / 23.12.2024