Грета Тунберг Швеция парламенти олдида намойиш ўтказгани учун жаримага тортилди
Швеция суди Грета Тунбергни март ойида тарафдорлари билан мамлакат парламентига киришни тўсиб қўйгани учун 500 евродан ортиқ жаримага тортди. Фаол бунга «иқлимдаги фавқулодда ҳолат» билан изоҳ берди.
Стокҳолм суди Грета Тунбергни март ойида Швеция парламентига асосий кириш йўлини икки марта тўсиб қўйгани учун 6000 швед кронаси (тахминан 512 евро) миқдорида жаримага тортди. Жариманинг ўзидан ташқари, 21 ёшли атроф-муҳит фаоли етказилган зарар учун товон сифатида 85 евро тўлашга мажбур бўлади. Бу ҳақда 8 май, чоршанба куни AFP хабар берди.
Полиция икки марта, 12 ва 14 март кунлари Тунберг ва унинг «Келажак учун жума» (Fridays For Future) ҳаракатидан бўлган бир қанча тарафдорларини Швеция парламентининг кириш эшигидан узоқлаштиришга мажбур бўлди, улар эшик олдида ўтириб олган эди. Суд жараёнида фаол полицияга бўйсунмаслигини давом этаётган иқлимдаги фавқулодда вазият билан изоҳлади, унда «барча ҳаракат қилиши керак».
«Қонунлар одамлар ва сайёрани эмас, тоғ-кон компанияларини ҳимоя қилади», деди қиз суд биносидан чиқиб кетаётиб.
Тунберг ватанида бундан олдин ҳам жаримага тортилган
Грета Тунберг аввалроқ Швецияда шу каби намойишларда қатнашгани учун икки марта жаримага тортилган эди. У ўз ватанидан ташқарида ҳам намойишлар ташкил қилади. 6 апрел куни у Ҳаагадаги норозилик намойишида қўлга олинганди, акция Extinction Rebellion (XR) ҳаракати томонидан ташкил этилган ва Нидерландия ҳукумати томонидан углеводородларни қазиб олиш учун субсидиялар ажратилишига қарши қаратилган. Ўшанда фаоллар Ҳаагани мамлакатнинг бошқа йирик шаҳарлари билан боғлайдиган А12 автомагистралини тўсиб қўйишга ҳаракат қилиб кўрди.
2 феврал куни Лондон суди 2023 йилда Британия пойтахтида жамоат тартибини бузганликда айбланган Тунбергни оқлади. Ўшанда швед фаоли ва унинг тарафдорлари Energy Intelligence Forum конференцияси яқинидаги намойишда ушланди. Улар норозиликни расмийлар билан келишилган жойга кўчиришдан бош тортди. Бироқ суд Британия полициясининг талабларини ноқонуний ва аниқ шакллантирилмаган деб топди.
Мавзуга оид
22:51 / 17.12.2024
Швеция бошпана тақдим этиш қоидаларини кучайтиради
11:10 / 28.11.2024
Швециядаги саммит иштирокчилари РФга қарши санкцияларни кучайтиришга тайёр
22:14 / 19.11.2024
Швеция прокуратураси Болтиқ денгизи тубидан ўтган кабелларга шикаст етказилишини қўпорувчилик деб баҳолади
22:40 / 05.11.2024