Халқаро валюта жамғармаси миссияси Ўзбекистон билан 2024 йилги маслаҳатлашув якунлари бўйича баёнотни эълон қилди. Унда Ўзбекистон ҳукумати учун қатор тавсиялар келтириб ўтилган.

Пул-кредит ва алмашув курси сиёсати

ХВЖ миссиясига кўра, пул-кредит сиёсатида инфляцияни пасайтиришга устувор аҳамият беришни давом эттириш лозим. Ўзбекистон Марказий банки нархлар динамикасини диққат билан кузатишни давом эттириши ва инфляция барқарор пасайиш траекториясига киргунга қадар қатъий пул-кредит сиёсатини сақлаб туриши керак. Агар энергия нархларининг ошиши базавий инфляция ва инфляцион кутилмаларга таъсир қилса, Марказий банк асосий ставкасини ошириш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Миссия Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати соҳасидаги қарорларини кенг жамоатчиликка етказиш борасидаги саъй-ҳаракатларини олқишлайди, бу эса инфляцион кутилмаларни янада жиловлашга ёрдам беради.

Халқаро кузатувчиларнинг қайд этишича, Ўзбекистонда пул-кредит сиёсатининг трансмиссиясини янада кучайтириш бўйича ишлар давом эттирилиши керак. Мувозанатли пул-кредит сиёсатини давом эттириш ва Марказий банкнинг мустақиллиги янада оширилиши иқтисодиётда долларизация даражасини пасайтириш ва трансмиссион каналларни мустаҳкамлашга ёрдам беради.

Молия секторидаги ислоҳотларни жадаллаштириш, шу жумладан, давлат банкларини хусусийлаштириш, директив кредитлаш ҳажмларини қисқартириш ва банклараро пул бозор имкониятларини ошириш молиявий воситачиликни ривожлантиришга, ликвидликнинг таркибий профицитини камайтиришга ва маҳаллий капитал бозорини ривожлантиришга ёрдам беради. Валюта курсининг мослашувчанлиги янада оширилиши шоклар таъсирини камайтиришга ва захираларни барқарор сақлашга ёрдам беради.

Таркибий ислоҳотлар

Баёнотда мамлакат раҳбарияти томонидан таркибий ислоҳотларнинг устувор йўналишлари тўғри белгилангани, давлатнинг иқтисодиётдаги улушини босқичма-босқич камайтириш ва ўсиб бораётган аҳоли учун иш ўринларини яратишга қаратилгани қайд этилган.

«Сўнгги йилларда иқтисодиётни либераллаштириш соҳасида сезиларли ютуқларга эришилди. Хусусан,