Жаҳон | 12:37 / 29.05.2024
1498
3 дақиқада ўқилади

Прага ташаббуси билан Киевга снарядларни етказиб бериш июнда бошланади

Яқин кунларда Украинага дастлабки бир неча ўн минг ўқ-дорилар етиб келади, деди Чехия бош вазири Петр Фиала Прагада ўзининг украиналик ҳамкасби Денис Шмихал иштирокидаги кечки овқатда.

Фото: Hannah Beier/Getty Images

Яқин кунларда Украина Чехия ташаббуси билан Киевнинг Ғарбий иттифоқчилари учинчи мамлакатлардан сотиб олмоқчи бўлган 800 минг снаряддан 155 мм артиллерия ўқ-дориларининг биринчи партиялари етказиб берилишига умид қилиши мумкин. Бу ҳақда Чехия Республикаси бош вазири Петр Фиала 28 май, сешанба куни кечқурун Прагада НАТОга аъзо бошқа тўрт давлат вакиллари, шунингдек, Украина бош вазири Денис Шмихал билан кечки овқат пайтида маълум қилди.

Фиаланинг сўзларига кўра, июн ойининг бошига режалаштирилган етказиб бериш ҳажми бир неча ўн минглаб ўқ-дориларни ташкил қилади. Украина Қуролли кучлари учун артиллерия ўқ-дориларини харид қилиш бўйича Чехия ташаббуси учун ажратилган умумий маблағ 15 та НАТО ва Европа Иттифоқига аъзо давлатлар, жумладан Германия томонидан қўллаб-қувватланган 1,6 миллиард еврога тенг.

Полша президенти Анжей Дуда Украина фронтидаги вазиятни қийин деб баҳолади ва сотиб олинган ўқ-дориларни ташишни ташкил этишга ваъда берди. Унинг таъкидлашича, Россия ҳозир ташаббусни ўз қўлига олди ва катта ҳужумга тайёрланмоқда. «Артиллерия ундан мудофаа қилишда муҳим рол ўйнайди», - деди Полша давлати раҳбари.

Уни Нидерландия бош вазири Марк Рютте қўллаб-қувватлади ва: «Украина халқи учун қурол ва мудофаа буюмлари омон қолиш учун сув, озиқ-овқат ва ҳаво каби муҳим аҳамиятга эга», деди. Ўз навбатида, Денис Шмихал Украина «Европа учун қалқон» бўлиб қолишига ваъда берди.

Россияга зарба бериш учун Ғарб қуролларидан фойдаланиш масаласи 

Петр Фиала, Анжей Дуда ва Марк Рюттедан ташқари Денис Шмихал билан учрашувда Ғарб иттифоқчиларидан Дания бош вазири Метте Фредериксен ва Латвия ҳукумати раҳбари Эвика Силиня иштирок этди. Dpa агентлигининг ёзишича, кечки овқатда АҚШ вакиллари ҳам қатнашган, аммо уларнинг исмлари ва лавозимлари кўрсатилмаган. 

Кечки овқат олдидан Чехия бош вазири НАТО бош котиби Йенс Столтенбергнинг Украинага Ғарб давлатлари етказиб бераётган қуроллардан фойдаланишга қўйилган чекловларни юмшатиш ҳақидаги чақириғини маъқуллаган ҳолда гапирди. «Украина ҳужумга учраган давлат сифатида ўзини ҳимоя қилиш учун барча имкониятлардан фойдаланишга ҳақли», - деди Фиала. 

Шу куни Франция президенти Эммануэл Макрон Германияга ташрифи чоғида Киевга Украинага ҳужумлар амалга оширилаётган Россия Федерацияси ҳудудидаги ҳарбий базаларни Ғарб қуролларининг ёрдамида «зарарсизлантириш» имкониятини бериш кераклигини айтди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид