Ўзбекистон | 10:23 / 06.06.2024
2736
2 дақиқада ўқилади

Франция Шоҳимардонда оммавий туризм маскани барпо этишни режалаштирмоқда 

Арқон йўл ва осма кўприкларни ўз ичига олган оммавий туризм маскани барпо этиш лойиҳаси муҳокама қилиняпти.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров Франциянинг Montagne et Neige Développement (MND) компанияси ҳудудий директори Орхан Ширинни ҳамда компаниянинг маҳаллий ҳамкорларини қабул қилди.

Дунёнинг кўплаб мамлакатларида йирик туристик инфратузилма лойиҳаларини амалга оширган ушбу компания вакили билан учрашувда вилоят ҳудудида арқон йўл ва осма кўприкларни ўз ичига олган оммавий туризм маскани барпо этиш лойиҳаси муҳокама қилинди.

Республикада “Чимён туристик зонасини қуриш” лойиҳаси доирасида эълон қилинган тендернинг ғолиби бўлган ҳамда ҳозирда ушбу курортни қуриш ишларини олиб бораётган Montagne et Neige Développement (MND) компанияси Фарғона вилоятида ҳам оммавий туризм маскани ташкил этишни режалаштирган. Орхан Ширин арқон йўл ва осма кўприкнинг барпо этилиши ўз ўзидан ушбу ҳудудга бошқа инвесторларни ҳам кенг жалб этиши ҳамда бошқа туристик хизматларнинг шаклланишига олиб келишини қайд этди.

Вилоят ҳокимининг таклифи билан ушбу туристик масканни Шоҳимардон қишлоғида ташкил этиш устида иш бошлашга келишиб олинди. Дастлабки босқичда бош режа ишлаб чиқилади. Сўнгги тасдиқланган бош режа асосида лойиҳани амалга ошириш учун Европа банкларининг имтиёзли кредит маблағларини жалб этиш бўйича музокаралар ўтказилади.

Мавзуга оид