13:36 / 08.06.2024
3364

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 1,5 млрд долларга кўпайди

Май ойида Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари қарийб 1,52 млрд долларга ошди ва 36,6 млрд долларга етди. Захиралар таркибидаги олтиннинг физик ҳажми камайганига қарамай, унинг қиймати ошган.

Фото: Akio Kon / Bloomberg

Марказий банк Ўзбекистоннинг халқаро валюта захираларига оид маълумотларни янгилади. Унга кўра, 1 июн ҳолатига, Ўзбекистоннинг расмий захиралари 36,6 млрд долларни ташкил қилди.

Май ойи давомида олтин захираларининг қиймати 26,53 млрд доллардан 26,81 млрд долларгача ошган. Ўз навбатида олтиннинг физик ҳажми 11,5 млн троя унциядан 11,4 млн троя унциягача қисқарган.

Шунингдек, хорижий валюта захиралари қиймати 8,02 млрд доллардан 9,26 млрд долларгача ошган. Захиралар таркибида очиқ маълумотлар тарихида биринчи марта 35 млн долларлик қимматли қоғозлар пайдо бўлган.

Ҳисобот даврида Ўзбекистоннинг халқаро захиралари умумий ҳисобда қарийб 1,52 млрд долларга кўпайган. 

Аввалроқ, жорий йил биринчи чорагида олтин экспорти 10,5 фоизга ошиб, 2,66 млрд долларга етгани хабар қилинганди. Бу мамлакат умумий экспортининг 41,7 фоизини ташкил қилган.

Олтин-валюта захиралари нима учун керак?

Ҳар бир мамлакатнинг олтин-валюта захиралари ўзига хос суғуртадир. У давлатнинг миллий иқтисодиётини эҳтимолий макроиқтисодий хатарлардан ҳимоя қилади. Шу боис олтин-валюта захиралари қатор талабларга жавоб бериши лозим. Масалан, ундан ҳар қандай соҳада фойдаланиш имконияти бўлиши керак. Олтин-валюта захиралари осон жойлаштирилиши ва осон олиниши даркор.

Мамлакатларнинг олтин-валюта захираларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилиши мумкин:

  • тўлов ва савдо балансидаги дефицитни бартараф этиш учун;
  • инфляцияни ушлаб туриш, миллий валютани молия бозорида қўллаб-қувватлашга валюта сотиб олиш учун;
  • давлатнинг ташқи қарзларини тўлаш учун;
  • давлатлар ўртасидаги ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун.

Олтин-валюта захиралари асосан қимматбаҳо металлардан (қуйма олтин, платина, палладий, кумуш), давлатлараро миқёсда захира валютаси сифатида тан олинган хорижий пул воситаларидан (АҚШ доллари, евро, швейцар франки, япон иенаси, фунт-стерлинг) ва Халқаро валюта жамғармаси чиқарадиган нақдсиз пул бирликларидан ташкил топади.

Давлатнинг олтин-валюта захиралари миқдори унинг иқтисодиёти ва молиявий тизими ҳолатидан дарак беради, давлатлараро мажбуриятлар бўйича тўловларнинг ўз вақтида амалга оширилишини кафолатлайди. Халқаро ташкилотлар тавсияларига кўра, ривожланаётган давлатлар учун захиралар камида 3 ойлик импортни қоплаши керак.

Top