Ўзбекистонда газ қазиб олиш ҳажми миллиард кубга камайди. Ҳоким ўринбосарларидан бири 25 минг доллар билан ушланди. Ўзбек ёшлари жаҳондаги тенгқурларидан нафақат билим, балки ижодий фикрлаш бўйича ҳам анча орқада қоляпти. Ортда қолаётган ҳафтанинг шу ва бошқа хабарлари – Kun.uz дайжестида.

PISA-2022: Қўшимча блок имтиҳони натижалари эълон қилинди

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти 2022 йилги PISA халқаро тадқиқотининг қўшимча блоки – ижодий-креатив фикрлаш бўйича имтиҳон натижаларини эълон қилди. Ўзбекистон бу йўналишда ҳам энг қуйи учталикдан жой эгаллади. Тадқиқотда қатнашган 15 ёшли мактаб ўқувчиларимизнинг бор-йўғи 16,5 фоизи ижодий-креатив топшириқлар бўйича 5 даражали тизимда учинчи ёки ундан юқори даражани қайд эта олган. Ўқувчиларимизнинг ярмидан кўпи – 61 фоизи биринчи даража ёки ундан ҳам пастроқ натижани кўрсатган.

Ўзбекистонлик ўсмирлар ижодий фикрлаш имтиҳонида ўртача 14 балл тўплаган бўлиб, бу сингапурлик тенгдошларининг кўрсаткичидан 3 баробарга кам. Бу эса, турган гапки, умумий таълим сифати билан боғлиқ: тадқиқот муаллифларининг қайд этишича, математика ва бошқа асосий фанлардан яхшироқ баҳо олган ёшлар креатив фикрлаш имтиҳонларида ҳам юқорироқ натижаларга эришган. Бундан ташқари, болаларида креатив мулоҳаза юритиш қобилияти юқори бўлган давлатларда боланинг ижодий қобилиятини ўстиришга алоҳида эътибор берилади: бу масала ўқув дастурларига киритилган, ўқувчилардаги креатив фикрлаш даражасини баҳолаш мезонлари ишлаб чиқилган.

Ўзбекистонда эса мактаб таълимида болани ёдлашга эмас, фикрлашга ўргатиш ишлари энди-энди бошланяпти. Чоршанба куни президент ҳузуридаги йиғилишда маълум қилинишича, янги ўқув йилидан бошлаб яна мингта мактабда президент мактабларидаги каби 100 баллик баҳолаш тизимига ўтилади. Бу тизим ўтган йили 500 та мактабда жорий этилган ва расмийларга кўра, бунинг натижасида улардаги ўқувчиларнинг ўзлаштириши 53 фоиздан 59 фоизга ошган.

Йиғилишда айтилишича, кам қувватда ишлаётган педагогика коллежлари тугатилиб, уларнинг ўрнида боғча ва мактаблар ташкил этилади. 270 та мактаб интерактив доска, 365 таси компьютер синфлари билан жиҳозланади. “Маҳалла – ота-она – мактаб” ҳамкорлигини кучайтириш, ота-оналар ва болалар учун тарбияга оид адабиётлар яратиш мақсадида Тарбия педагогикаси миллий институти ташкил