Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурэлсух икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашув ўтказди.

Тадбирда Мўғулистоннинг MCS Investment, Mongol Basalt, Tavan Bogd Group, Asia Pharma, Khanbogd Cashmere, Erdenezoo Trans, ICT Group, ORDGEO, LBH Technology, NCD Group, Mega Wood, Modern Nomads каби етакчи компаниялари раҳбарлари иштирок этди.

Ўзбекистон томонидан Basalt Uzbekistan, BMB Holding, New Way Industries, Panaev Farms, Ezel Central Asia, Azia Metall Prof, “Жиззах Жун”, Procab ва бошқа хусусий компаниялар қатнашди.

Таъкидлаш лозимки, ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган бундай форматдаги учрашув Мўғулистон билан илк бор ўтказилди.

Ўзбекистон президенти мўғулистонлик етакчи ишбилармонларни ва уларнинг ўзбекистонлик шерикларини самимий қутлар экан, Мўғулистон президентининг Ўзбекистонга илк давлат ташрифи икки томонлама ҳамкорлик тарихида муҳим аҳамият касб этишини яна бир бор алоҳида таъкидлади.

– Бу сизнинг Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий алоқаларни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлашга қаратилган қатъий интилишингизни ва алоҳида эътиборингизни яна бир бор тасдиқлайди, – деди мамлакат раҳбари.

Бўлиб ўтган мазмунли ва конструктив музокаралар давомида икки томонлама ҳамкорликнинг барча жиҳатлари атрофлича кўриб чиқилгани, мавжуд захиралар таҳлил қилингани ва янги ўсиш нуқталари аниқлангани қайд этилди.

– Биз мавжуд салоҳият ва имкониятлардан деярли фойдаланмаётганимизни таъкидладик. Шу муносабат билан яқин йилларда ўзаро савдони, энг аввало, харидоргир маҳсулотлар номенклатураси ва ҳажмини кенгайтириш орқали каррасига ошириш вазифасини қўйдик, – деди Ўзбекистон президенти.

Булар – Мўғулистонга озиқ-овқат, ўғитлар, дори-дармонлар, маиший техника, пластмасса ва резина, қурилиш материаллари, тайёр тўқимачилик ва пойабзал маҳсулотларини экспорт қилиш, шунингдек, юртимизга гўшт ва гўшт маҳсулотлари, тери, жун ва бошқа тайёр маҳсулотларни импорт қилиш.

Тез фурсатда Мўғулистон ва Ўзбекистонда савдо уйларини очиш ва икки мамлакат пойтахтларида саноат кўргазмаларини ўтказиш режалаштирилган.

Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим ва бозорларга киришни енгиллаштириш бўйича таклифларни тайёрлашга келишиб олинди.