Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига узоғи 2 йил ичида аъзо бўлиш ниятини эълон қилиб, бу йўлда муҳим қадамларни ташлади. Kun.uz музокаралар қандай кетаётгани, автосаноат ва электротехника каби соҳаларда протекционизм давом этаётгани ва бошқа саволлар атрофида президентнинг ЖСТ масалалари бўйича вакили Азизбек Урунов билан суҳбат ташкил этди.

– Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиб кириш бўйича режалаштирган муддатини эълон қилди. Бу муддатгача аъзолик жараёни якунланишига ишончингиз комилми?

ЖСТга аъзо бўлиш масаласи кенг кўламли ислоҳотлар бошланган кундан бошлаб кун тартибида бўлган. Бугунги кунгача жорий иқтисодиётдаги ислоҳотлар ва ҳал қилиниши керак бўлган муаммолар ҳал қилиб келинди. Ўтган йилдан ўрта ва узоқ муддатли ривожланиш дастурлари шакллантирилиб, уларни амалга оширишга ўтдик. Шу нуқтайи назардан иқтисодиётимизни ҳам, ислоҳотларимиз билан ҳам ЖСТга аъзо бўлишга тайёргарлик қилиб келдик. Ҳақиқатан, бугунги кунда давлатимиз раҳбари, ҳукуматимиз ва бир бутун халқимиз ЖСТга аъзо бўлишимизни қўллаб-қувватлаяпти.

Ўйлашимча, биз бу жараёнга анча яқинлашиб қолдик ва аъзоликка тайёрмиз деб ўйлаймиз. Бу ислоҳотларнинг ажралмас қисми бўлиб қолади. Бу бизнинг иқтисодий ривожланишимиз, аҳоли фаровонлиги учун янги саҳифа очиб беради. Чунки имкониятлар кенгаяди.

24 май куни ишчи гуруҳ йиғилишида 2026 йилгача ЖСТга кириш мақсадимизни эълон қилдик. Бунинг иккита сабаби бор, биринчиси, ушбу жараённи қўллаб-қувватлаш, президентимиз бу масалани қўллаб қувватлаяпти. Ички реформаларимизни ЖСТ талабларига тайёрлашда ишлар анча фаоллашган.

Иккинчиси, тезроқ жараённи якунлаш учун аъзо давлатларга сигнал бериш учун бу муддат эълон қилинди. Аъзо давлатлар номзоднинг ҳаракатларини кўрадиган бўлса, шунга яраша реакция қилади. Чунки биласиз, ЖСТга аъзо бўлиш учун кўплаб ҳужжатлар тақдим этилади. Ўша ҳужжатлар қанча вақт ичида кўриб чиқилиши аъзо давлатларга боғлиқ. Шу нуқтайи назардан, улар ҳам биз билан жараённи фаол олиб бориб жараённи якунлаш мақсадида.

– 3 июн куни бир нечта монополистларга берилган эксклюзив ҳуқуқларни бекор қилишни назарда тутган президент фармони имзоланди. Сизнингча, ҳужжатдаги асосий жиҳатлар қайсилар?

Жуда муҳим фармонга имзо чекилди. ЖСТга аъзо бўлиш учун бу тарихий фармонлардан бири [бўлди]. ЖСТга аъзо бўлмаганимизга кўп йиллардан бери конвертация сабаб қилиб кўрсатилган. Аслида ундай бўлмаган. ЖСТда бозор механизмлари ишлаши керак. Шу нуқтайи назардан узоқ йиллардан бери давлат савдо корхоналарида эксклюзив ҳуқуқлар кўп бўлган. 2017 йилгача ҳаттоки мева-сабзавот экспорт қилишда ҳам алоҳида корхоналарнинг рўйхатини тасдиқлардик. Уларгина экспорт қилиш ҳуқуқига эга бўларди. 2017 йилдан бошлаб ташқи савдода эркинлаштириш сиёсати олиб борилганидан кейин ўзимизни кўп нуқтайи назардан бунга тайёрлаб келдик.