Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотига тайёргарлик кўриш доирасида, 29 июн куни молиявий, юридик, консалтинг, IT ва алоқа соҳасидаги тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилди.

Унда сўзга чиққан солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджонов солиқ маслаҳатчиларига қонун билан берилган ваколатлар процессуал кодексларга киритилмагани боис амалиётда ишламаётгани ҳақида гапирди.

“Солиқ маслаҳати тўғрисида”ги қонунда солиқ маслаҳатчисига ваколатлар берилган. Солиқ маслаҳатчиси солиқ органлари, прокуратура ва ҳатто тергов ёки суд органларида ҳам солиқ тўловчининг вакили сифатида иштирок этишига рухсат берилган. 2006 йил чиққан бу қонун, лекин шу кунгача ҳеч қайси процессуал кодексга ўзгартириш киритилмаяпти. Жиноий кодексда ҳам, маъмурий кодексда ҳам, иқтисодий процессуал кодексда ҳам, ҳеч бирида солиқ маслаҳатчиси вакил сифатида иштирок этиши белгиланмаган ва судлар максимал солиқ маслаҳатчисини қатнаштирмаслик позициясида туради.

Бу ёмон ҳолат, биринчидан, консалтинг сферасида солиқ маслаҳатчисига тўсиқ бўладиган бўлса, иккинчидан, солиқ тўловчининг ҳам ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиш имкониятини чеклайди. Қонун қабул қилинганига 18 йил бўлган, лекин бошқа кодексларга ҳам ўзгартириш киритиш керак. Тергов жараёнида ҳам дейилган, дейлик солиқ тўловчи чақирилиб, тергов қилинади. Солиқ тўловчи солиқ мутахассиси эмас, терговчи ёки солиқ инспектори қўйган саволга мутахассис даражасида жавоб бера олмайди”, – деди Муҳаммаджонов.

У ишламаётган нормалардан бири сифатида мунозарали вазиятларда аудио ва видеоёзувларини ёзиб олиш мумкинлиги ҳақидаги нормани келтириб ўтди.

“Процессуал кодексларда аудиога ёзиш ҳуқуқи, видеога олиш бу судянинг рухсати билан дейилган. “Солиқ маслаҳати тўғрисида”ги қонунда эса бу солиқ маслаҳатчисининг ҳуқуқи деб белгиланган, солиқ маслаҳати ташкилоти аудио, видеога ёзиб олиши мумкин дейилган. Бу ҳуқуқ ҳам ҳеч қайси процессуал кодексларга киритилмаяпти. Бу ҳуқуқ чекланяпти ва натижада суд протоколларида кўплаб гапирилган гаплар қолиб кетяпти ҳамда шикоят қиладиган бўлсак, бу гап гапирилмади деган ҳолатга олиб келяпти”, – деди Мурод Муҳаммаджонов.

Маълумот учун, “Солиқ маслаҳати тўғрисида”ги қонун 2006 йилда қабул қилинган, 2022 йилда ҳужжат ўз кучини йўқотиб, унинг ўрнига “Солиқ маслаҳатига оид фаолият тўғрисида”ги қонун кучга кирган.