Спорт | 07:51 / 02.07.2024
45343
6 дақиқада ўқилади

Роналдунинг кўзёшлари ва ҳеппи-энд. Еврода кун ўйинлари

Европа чемпионатида дастлабки пеналтилар серияси кузатилди. Франция эса турнир давомида ўйиндан гол урмасдан чоракфиналга чиқди.

Европа чемпионатида 1/8 финалнинг навбатдаги ўйинлари ўтказилди. Қуйида ҳар кунги дайжестда куннинг асосий воқеалари ҳақида.

Францияга яна автогол ёрдам берди

Франция – Белгия 1:0
Гол:
1:0 – 85, автогол Вертонген.
Франция – Менян, Кунде, Упамекано, Салиба, Эрнандес, Канте, Рабио, Тчуамени, Гризманн, Тюрам (Коло-Муани, 62), Мбаппе.
Белгия – Кастелс, Кастань (де Кетеларе, 88), Вертонген, Фас, Теате, Карраско (Лукебакио, 88), де Брюйне, Онана, Лукаку, Опенда (Мангаля, 63), Доку.
Огоҳлантиришлар: Тчуамени (14), Гризманн (23), Рабио (24), Вертонген (76).

Гуруҳ босқичини кутилганидек кўтаринки руҳда ўтказа олмаган французлардан плей-оффда ниҳоят тўлиқ куч билан ҳаракат қилишни кутганди. Аммо Дешам жамоаси ҳозирча ёрқин футболсиз ҳам юришини давом эттирмоқда.

Франция бу босқичда Белгияни минимал ҳисобда мағлуб этди (1:0) ва Евронинг чоракфинал босқичига ўтди. Жамоа 85-дақиқада ғалабани илиб кетди — ўйиндаги ягона гол Коло Муанининг зарбасини қайтаришга уринган Ян Вертонгеннинг оёғидан «қизил иблислар» дарвозасига бориб тушди. Белгиялик ҳимоячининг автоголи — турнирдаги тўққизинчиси. Олдинги Европа чемпионатида ўрнатилган рекордгача яна иккита қолди.

Бу автогол турнир давомида Франция рақиблари дарвозасига урилган учинчи гол бўлди: шундан бирортаси ўйиндан урилмаган. Гуруҳ босқичининг биринчи турида австрияликлар ҳимоячиси Максимилиан Вебер ўз дарвозасини ишғол этиб қўйганди. Иккинчи турда французлар Нидерландия дарвозасига йўл тополмади (0:0). Полша билан ўйинда эса Мбаппе пеналтини аниқ ижро этди (1:1).

Французлар белгияликлар дарвозаси томон 20 бор зарба йўллади ва шундан фақат иккитаси дарвоза соҳасига тўғри борди. «Қизил иблислар»да ҳам икки зарба дарвоза соҳасига тўғри борган, аммо бунга беш уринишда эришилган. Евро бошидан буён тўрт ўйинда «Учранглилар» жами 66 зарба йўллаган, шундан 16 таси дарвоза соҳасига тўғри борган — аммо ҳамон ўйиндан гол урилмаяпти.

Французлар энди 5 июл куни чоракфинал ўйинида ўз кучи билан гол уришга уриниб кўради. Бу босқичда жамоага Португалия — Словения жуфтлиги ғолиби рақиб бўлади.

Роналдуда драма

Португалия — Словения 0:0
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Роналду (105). 
Пеналтилар серияси — 3:0.
Португалия – Кошта, Канселу (Семеду, 117), Пепе (Рубен Невеш, 117), Диаш, Мендеш, Фернандеш, Бернарду Силва, Палиня, Витиня (Жота, 65), Леау (Консейсау, 76), Роналду.
Словения – Облак, Стоянович (Вербич, 86), Карничник, Дркушич, Бийол, Балковец, Гнезда-Черин, Элшник (Иличич, 105), Шпорар (Целар, 75), Шешко, Млакар (Горенц-Станкович, 74).
Огоҳлантиришлар: Дркушич (32), Карничник (37), Горенц-Станкович (101), Бийол (106), Балковец (107), Канселу (107).

Словенияга қарши ўйин Криштиану учун Евро-2024 даги дебют голини уриш зарурати билан ҳам муҳим эи. Португалиялик юлдуз илк дақиқалардан катта иштиёқ билан ҳаракат қилди ва ҳар бир хатони кўнглига яқин олиб, ўзига, шерикларига ва ҳавога жаҳл қилди.

Роналду ҳар қандай нуқтадан гол уришга ҳаракат қилди, ўйин давомида у рақиб дарвозаси томон саккиз бор зарба йўллади, шундан тўрттасини жарима нуқтасидан. Бу билан у йирик турнирлардаги рекордини такрорлади. Opta маълумотига кўра, фақат чехословакиялик ҳужумчи Антонин Паненка Евроларда бир ўйинда бундан кўпроқ марта стандарт вазиятлардан зарба ижро этган — 1980 йилда ГФРга қарши ўйинда (5 марта). Шу билан бирга, Роналдунинг қитъа турнирларида амалга оширган жарима зарбалари сони 34 тага етди ва шундан фақат биттаси гол бўлган.

Словенияликлар ҳимояда тартибли ўйин кўрсатишди ва ўйинни овертаймларга олиб ўтишди. Биринчи қўшимча бўлим охирида Диогу Жота рейд амалга оширди ва рақиб ҳимоячилари қуршовида бўлишига қарамай тўпни ўзида сақлаб қолиб, жарима майдонига кириб борди, уни болқонлар жамоаси ҳимоячиси Иван Дркушич тўхтатиб қолди ва ўйин ҳаками Даниэле Орсато 11 метрлик нуқтани кўрсатди. Нуқтага португалларнинг штатдаги пеналтичиси Роналду яқинлашди, аммо гол уролмади: словенлар дарвозабони Ян Облак зарба йўналишини топди. Криштиану бу сафарги Еврода голлар ҳисобини очиш учун навбатдаги имкониятдан фойдалана олмади.

Роналду бу хатосидан шунчалик тушкунликка тушдики, худди 20 йил муқаддам Грецияга қарши бой берилган финалдан кейин бўлгани каби майдонда туриб, барчанинг кўз ўнгида йиғлаб юборди.

Қўшимча бўлимлар оралиғидаги танаффус вақтида ҳам у кўз-ёшларини тия олмаётганди ва бутун жамоа бўлиб уни юпатишга уринишди.

У ўзига келиб олди ва ўйинни охиригача давом эттирди. Режиссёрлар бу вақтда Криштианунинг трибунада ўтирган онасини ҳам кўрсатишди ва у ҳам йиғлаётганди.

Иккинчи овертайм эса мухлисларга Қатардаги жаҳон чемпионати финалини ёдга солиб юборди. Ўйин якунига бир неча дақиқа қолганида Пепе қўпол хатога йўл қўйиб, тўпни рақибга олдириб қўйди ва Шешко дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб борди, Диогу Кошта аргентиналик ҳамкасби Эмилиано Мартинеснинг сейвини такрорлади.

Қўшимча бўлимларда ҳам ҳисоб очилмагач, пеналтилар сериясига старт берилди. Ва Роналду ҳеч иккиланмасдан биринчи зарбани ижро этиш учун борди. Ундан олдинроқ Йосип Иличич хатога йўл қўйганди, шунинг учун Криштиану аниқ зарбаси билан жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди ва ўйиндаги хатоси учун мухлислардан узр сўради.

Диогу Кошта рақибнинг кейинги икки зарбасини ҳам қайтариб, Европа чемпионатларда пеналтилар сериясида гол ўтказмаган ва 3 та сейв қилган биринчи дарвозабонга айланди.

Бруну Фернандеш ва Бернарду Силва ўз уринишларини аниқ ижро этиб, жамоани кейинги босқичга олиб чиқишди. Роналду эса энди хурсандчиликдан йиғлай бошлади.

Чоракфиналда Португалияни Франция кутмоқда. Ўйин 5 июл куни Ҳамбургда ўтказилади. Бу ўйинда Криштианунинг хато қилишга ҳаққи бўлмайди.

Мавзуга оид