Бугун СССР даври ҳақида гап кетганда айримлар “жиноятчилик йўқ эди, одамлар фаровон яшарди” дейишади. Одамларнинг қанчалик “фаровон” яшагани бу алоҳида мавзу. “СССРда жиноятчилик йўқ эди” деган гап эса мутлақо ёлғон.

Маъмурий буйруқбозлик ва зўравонлик устига қурилган бу давлатда ҳар йили кўплаб оғир жиноятлар содир этиларди. Бироқ бу ҳақда ҳеч қаерда хабар берилмас, улар оммадан яшириларди.

Одамларга “СССРда одамлар бахтли ва фаровон яшаяпти, гиёҳвандлик, жиноятчилик умуман йўқ” деб уқтириларди. Аслида эса гиёҳвандлик ҳам бор эди, жиноятчилик ҳам.

Ҳатто кўз кўриб, қулоқ эшитмаган жиноятлар ҳам содир этиларди. Масалан, 1980-йиллар бошида жиноий гуруҳ кўплаб уруш фахрийларини ўлдириб, қимматбаҳо орден ва медалларини олиб кетганда бу иш ҳам бошқа жиноятлар каби одамлардан сир тутилади.

1980-йилларда уруш фахрийларини ўлдириб уларнинг орден ва медалларни олиб кетиб сотган эр-хотин Калининлар

Бугун ҳикоя қилмоқчи бўлганимиз Киевдаги мактабда ўқитувчилар ва ўқувчиларнинг заҳарланиши ҳодисаси ҳам СССР тарқаб кетгандан сўнг оммага ошкор бўлган. Унгача бу фожиа ҳақида унинг иштирокчилари ва уларнинг яқинларидан бошқа ҳеч ким билмаган.

Ўшанда мактаб ошхонасида идиш ювувчи бўлиб ишлаган аёл, унинг синглиси ва ота-онаси кўплаб одамларни заҳарлашган, уларнинг бир қисми ҳалок бўлганди.

Ҳодиса тафсилоти

1987 йил 17-18 март кунлари Киевнинг Минск районида жойлашган 16-мактабда 13 киши заҳарланади. Уларнинг 3 нафари ўқувчилар, 10 нафари ўқитувчилар эди.

Заҳарланганлар дарҳол шифохонага олиб борилади. У ерда икки нафар ўқувчи ва икки нафар ўқитувчи вафот этади. Қолганлар жонлантириш бўлимига ётқизилади.

Шифокорлар аввалига беморлар қаттиқ грипп бўлган ёки ичак инфекциясидан заҳарланган деб тахмин қилишади. Бироқ бир неча кундан сўнг беморларнинг сочи тўкила бошлайди.

Шифокорлар уларни қайта текширувдан ўтказишганда болалар ва ўқитувчилар заҳарлангани ойдинлашади. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилади ва ҳуқуқни ҳимоя қилувчи органлар ходимлари томонидан суриштирув ишлари ва тергов бошлаб юборилади.

Тирик қолганлардан кўрсатма олинганда улар 16 март куни тушликда мактаб ошхонасида овқатлангандан сўнг ўзларини ёмон ҳис қила бошлашганини айтиб беришади.