Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йилнинг 10 июл куни «Туризм соҳасини тиклаш ва ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинганди. Мазкур қарор билан Чорвоқ сув омборида барча турдаги моторли сув транспорти воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланган.
«Чорвоқ сув омборида моторсиз, муқобил энергия манбаларида ҳаракатланувчи ҳамда махсус вазифаларни бажариш ваколатига эга бўлган вазирлик ва идораларнинг моторли сув транспорти воситаларидан ташқари барча моторли сув транспорти воситаларининг ҳаракатланиши, шунингдек, Чирчиқ дарёси ва унинг ирмоқларида (махсус ажратилган сув ҳавзаларидан ташқари) чўмилиш, транспорт воситаларини ювиш ва маиший чиқиндиларни ташлаш тақиқланади», дейилганди қарорда.
Бу тақиққа амалда риоя қилинмаяпти. 20 июл куни Чорвоқ сув омборида скутер ҳайдаган 19 ёшли фуқаро бошқарувни эплай олмай 2 кишининг ўлимига сабабчи бўлди.











