Windows’даги носозликдан зарар кўрган қурилмалар қайта ишлашни бошлади
Антивируси Windows ишидаги глобал узилиш билан боғлиқ бўлган CrowdStrike компанияси зарар кўрган 8,5 миллион қурилманинг «муҳим қисми» хизмат кўрсатишга тикланганини маълум қилди.

Фото: Tyrone Siu / Reuters
CrowdStrike глобал узилишдан зарар кўрган 8,5 миллион Windows операцион тизими бошқарувидаги қурилмаларнинг «муҳим қисми қайта ишлаётганини» билдирди. «Биз мижозларимиз билан биргаликда зарар кўрган тизимларни тиклашни тезлаштириш учун янги техникани синовдан ўтказдик. Ҳозир ушбу техникани жорий қилиш жараёнидамиз. Ҳар дақиқада муваффақиятга эришмоқдамиз», дейилади CrowdStrike хабарида.
Антивирус ишлаб чиқувчи компания яна бир бор «узилиш учун» узр сўради ва унинг мақсади «барча тизимларни имкон қадар тезроқ тиклаш» эканлигини билдирди.
Windows ишидаги глобал носозликдан сўнг вазият нормаллашмоқда
Кўпгина мамлакатларда авиакомпаниялар, шифохоналар ва телевидение ишида узилишларга олиб келган Microsoft Windows тизимидаги йирик носозликдан сўнг вазият аста-секин барқарорлашмоқда. «Кўп соҳаларда вазият нормаллашмоқда, бироқ кўплаб компаниялар ҳали ҳам муаммоларни бартараф этишмоқда», деб хабар берди Германиянинг Ахборот хавфсизлиги федерал бошқармаси (BSI). Америка Қўшма Штатларида, шунингдек, Осиёнинг кўплаб мамлакатларида ҳаво қатнови қайта тикланди. Берлин аэропорти яна муаммосиз ишламоқда.
19 июн куни кўплаб мамлакатларда Windows 10 операцион тизимидаги глобал носозлик туфайли аэропортлар, вокзаллар, банклар, супермаркетлар, телеканаллар ва давлат идоралари иши тўхтатилди.
CrowdStrike антивирусини янгилашда хатолик туфайли юзага келган Windows операцион тизимининг кенг миқёсли носозлиги ушбу дастурий таъминот билан ишлайдиган 8,5 миллион қурилмага таъсир қилди. Microsoft бу маълумотларни ўз блогида тақдим этди. Гап Windows операцион тизимида ишлайдиган барча қурилмаларнинг бир фоиздан камроғи ҳақида кетмоқда, деб таъкидлади операцион тизим ишлаб чиқарувчиси.
Умуман олганда, узилишлар АҚШ, Австралия, Янги Зеландия, Япония, Ҳиндистон, Ҳонгконг, Туркия, Исроил, ЖАР, Британия ва бошқа Европа мамлакатларидаги компанияларга таъсир кўрсатди. Лондон фонд биржаси янгиликлар чоп этишни тўхтатди. Британиянинг Sky News телеканали ва бошқа бир қанча мамлакатлардаги телеканаллар эфирга чиқа олмади. Гаджетларда кўк экран пайдо бўлди: "Компютерингизга зарар етказмаслик учун Windows тўхтатилди", деб хабар беради Sky News.
Мавзуга оид

13:37 / 25.03.2025
Snapdragon чиплари ўрнатилган Windows ноутбуклари эгалари уларни оммавий равишда қайтармоқда

17:36 / 16.11.2024
Windows учун ChatGPT иловасидан энди барча фойдаланиши мумкин

12:47 / 24.07.2024
“Бизда лицензияли дастур ишлатадиганлар кам” — Windows'даги узилиш нега Ўзбекистонни четлаб ўтди?

15:00 / 23.07.2024