Malibu’да ёш боланинг умрига зомин бўлган наманганлик ҳайдовчи очиқда қолмоқда. Ёлғиз ўғлидан айрилган она терговдан норози
Эндигина 14 ёшга кирган Иброҳимжон ёлғиз онанинг ягона ўғил фарзанди эди. Она келажагини фақат у билан кўрарди. Аммо шафқатсиз тақдир унинг кичкинагина жуссасини Malibu’нинг ғилдираклари остида мажақлаб ташлади. Онанинг бор орзу-умидлари саробга айланди, умри мазмунини йўқотди. Машинани тегишли ҳужжатларсиз бошқарган ҳайдовчи очиқда қолмоқда.
Бу ҳақда шунчаки оддий хабар ўлароқ сайтимиз саҳифаларида эълон қилишимиз мумкин эди. Аммо таҳририятга мурожаат қилган аёлнинг дардли ноласи масалага бироз бошқа ракурсдан қараш керак, деган туртки берди.
Умидлари чил-чил бўлган она
Аёлнинг бошига тушган мусибат ҳар қандай одам боласини қайғу ва изтиробга солиб қўяди. Турмуши ўхшамай ўғли Иброҳимжон ва икки қизи билан ота уйида қолган аёл бор орзу-умидларини ўғлининг келажагига боғлади.
Аммо 16 июн куни содир бўлган мудҳиш ҳодиса унининг орзу-умидларини йўққа чиқарди, умри ўз мазмунини йўқотди.
Эндигина 14 ёшни қоралаган Иброҳимжонни велосипедида бувасининг уйидан қайтаётган Malibu уриб юборади. Зарба кучидан бола омон қолмайди: суд-тиббий экспертизаси хулосасида Иброҳимжонни “бош мия очиқ жароҳати, калла гумбаз ва асос суяклари синиши, бош мия лат ейиши ва бош мияга қон қуйилиши, танадаги шилинган шароҳатлар, посттравматик шок, ўпка ва мия шиши”дан вафот этгани ёзилган.
Ҳайдовчи автомобилни ҳужжатларсиз бошқарган, хозир у очиқда
Ҳодисани содир этган ҳайдовчи А.Д. савдодаги шеригининг давлат рақами 50 J 249 TA бўлган Malibu’сини тегишли ҳужжатларсиз бошқариб кетаётган бўлган.
Ҳолат юзасидан Жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган. Тергов Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми, яъни одам ўлишига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати қоидаларини бузиш билан айбланган А.Д.га “гаров” эҳтиёт чорасини қўллаган.
Ҳайдовчи ва унинг машина ичида бўлган ҳамроҳи “45-50 км/с тезликда келаётгани, бола велосипедни тўсатдан йўлнинг автомобил қатнов қисмига буриб юборган”ини айтган.
Иброҳимжоннинг онаси ҳодиса тергов ҳужжатларида келтирилганидан бошқача бўлганини айтмоқда.
“Ўша куни ҳодиса юз берган ондаёқ ўғлим 3-даражали оғир комага тушиб қолган. Кўп қон йўқотди, авариядан 2 соат ўтмай касалхонада вафот этди. У йўл четида кетётган бўлган, Malibu 130 км/с тезликда ҳаракатланиб келган. Олдидаги Damas’ни қувиб ўтаман деб, велосипедда кетаётган боламни уриб юборган”, дейди у.
Терговчи айблов хулосада енгиллаштирувчи ҳолатларни санаркан, “ҳайдовчининг айбига иқрор бўлгани ва келтирилган зарарни тўлиқ қоплагани”ни ёзади. Аммо аёл “зарар қоплангани” ҳақидаги иддаони тўлиқ инкор этмоқда, у хатто бундай таклифни эшитишни ҳам истамаслигини айтади.
Шунингдек, яна бир эътиборли жиҳати – терговчига кўра, ишда “айблувнчи А.Д.нинг айбини оғирлаштирувчи ҳолатлар аниқланмаган”. Бу ўринда Чортоқ туман ИИБ ТБ терговчиси Н.Махмудов Жиноят кодексининг 56-моддаси биринчи қисми “б” банди борлигини билмайдиган кўринади. Айни ушбу моддага кўра, ёш болага нисбатан жиноят содир этиш жазони оғирлаштирувчи ҳолат деб топилади.
Суд бошланган
Иш юзасидан Жиноят ишлари бўйича Чортоқ туман судида суд жараёнлари кетмоқда. Жорий йил 25 июл кунги навбатдаги суд мажлисида Kun.uz мухбири ҳам иштирок этди. Судя очиқ суд мажлисини видео ва фото тасвирга олмаслик ҳамда аудио ёзиб олмаслик талабини қўйди.
Одам ўлими билан тугаган ЙТҲларда айбдорлар одатда қамалади
Жиноят Кодексининг 266-моддаси 2-қисмида (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиб одам ўлимига сабаб бўлиш) назарда тутилган жиноятни содир этган шахсларга муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, 7 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси берилиши белгиланган.
Kun.uz суд ҳужжатлари очиқ порталидан одам ўлими билан тугаган суд ишларига оид турли ҳудудлардан 50 та суд ҳукмларини танлаб олиб, ўрганиб чиқди. Танлаб олинган ҳукмларнинг 48 тасида айбдорларга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо қўлланилган. Ўрганилган ҳукмларнинг 12 таси ёш болаларнинг ўлими билан боғлиқ бўлиб, уларнинг барчасида айбдорлар озодликдан маҳрум этилган.
Мавзуга оид
18:37
Хатирчида пойга ўйнаб, 9 ёшли қизни босиб кетган ҳайдовчиларга ҳукм ўқилди
07:45 / 25.12.2024
Амир Темур кўчасида содир бўлган ЙТҲда ҳайдовчи жароҳатланди
16:19 / 24.12.2024
Танқиддан сўнг: 2 боланинг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи 3 йилга озодликдан маҳрум қилинди
08:12 / 24.12.2024