Париж-2024да Ўзбекистонга энг кўп медал келтирган бокс турнири Олимпиада тарихида сўнгги марта ўтказилган бўлиши мумкин. Халқаро олимпия қўмитаси ва Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) ўртасида кузатилган сўнгги йиллардаги можаролар оқибатида бокс ҳозирча 2028 йилги Лос-Анжелес Олимпия ўйинларига киритилмаган. ХОҚнинг талаби аниқ ва унга кўра, бокс бўйича Парижда тенгсиз мамлакат эканини кўрсатган Ўзбекистонни ҳам олдинда қийин танлов кутиб турибди.
ХОҚ халқаро бокс ассоциациясини Олимпия оиласидан нега четлатилди?
2023 йилда Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) молия, бошқарув ва ҳакамлик билан боғлиқ муаммолар туфайли Халқаро бокс ассоциациясини (IBA) тан олиши ҳақидаги қарорини бекор қилди. ХОҚ фикрига кўра, 2020 йилда IBA ташкилоти раҳбарлигига келган россиялик Умар Кремлёв вазиятни яхшилай олмади. Оқибатда, тарихда биринчи марта Олимпия спортининг бошқарув органи Олимпия оиласидан чиқариб юборилди.
IBA четлатиш бўйича тавсияни «жирканч ва мутлақ сиёсий» деб атади ва Спорт арбитраж судига мурожаат қилди. Бироқ, суд тавсияни тўхтатиб туриш тўғрисидаги апелляцияни қабул қилмади. Натижада, IBA ташкилотини Олимпия оиласидан чиқариб ташлаш учун ХОҚ қарори қабул қилинишига ҳеч нарса тўсқинлик қилмайдиган бўлди.

«Бокс ва боксчилар билан ҳеч қандай муаммомиз йўқ. Агар муаммо бўлганида, Токио ва Париждаги мусобақалар ўтказилмаган бўларди. Биз боксни жуда қадрлаймиз, аммо, афсуски, бизда IBA раҳбарияти туфайли жуда жиддий муаммолар мавжуд. Биз боксни жуда қадрлаганимиз сабабли, боксчилар халқаро федерация томонидан адолатли ва шаффоф бошқарувга лойиқ деб ҳисоблаймиз», - деган ХОҚ раҳбари Томас Бах.
IBA бошқаруви 2020 йилда Россия бокс федерацияси раҳбари, россиялик амалдор Умар Кремлёвга ўтди. У 2021 йилгача ассоциациянинг барча муаммоларини ҳал қилишга ваъда бериб, буни амалда бажарди. 2023 йилги ҳисоботга кўра, IBA қарзларининг катта қисми ёпилган. Шунингдек, Рио-2016 Олимпиадасидан кейин пайдо бўлган ҳакамлик муаммоси ҳал қилинди. Аммо Кремлёвнинг далиллари ХОҚ расмийларини ишонтира олмади. Ўтган йил IBA Олимпия оиласига аъзоликдан бутунлай четлатилиши тўғрисида қарор қабул қилинган. ХОҚ ижро қўмитаси илгари ҳеч қачон олимпия спортининг бошқарув органига нисбатан бундай қарор чиқармаган эди.
Халқаро олимпия қўмитасини IBA ва Россиянинг «Газпром» компанияси ўртасидаги ҳомийлик шартномаси ташвишга солиб келаётган эди. Энергетика гиганти билан шартнома 2022 йилнинг охирида бекор қилинади. Бироқ, июн ойи бошида ХОҚ IBA фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни эълон қилиб, Кремлёв декабр ўрталарида Абу-Дабидаги конгрессда ўз қўл остидагиларидан «Газпром» билан ҳамкорликни узайтириш имкониятларини сўраганини даъво қилди. Буларнинг барчаси ХОҚ раҳбариятини яна бир бор IBA молиявий шаффофлиги ва ишончлилиги ҳақида ўйлашга мажбур қилди. IBA ўз фаолиятини аудит қилган Ernst & Young ва PriceWaterhouseCoopers компанияларидан якуний хулосаларни ошкор қилмасликни сўраган. ХОҚ буни ҳам шубҳали ҳаракат деб ҳисоблайди.



















