Контракт нархлари аниқми?
Ҳа, аниқ. Июл ойида 2024/2025 ўқув йили учун тўлов-контракт миқдорлари тасдиқланган. Унга кўра, контракт миқдорлари ўртача 15 фоиз оширилган. Бакалавриатда педагогика йўналишида ўқиш шартномаси қиймати 7,4 млн, тиббиётда 10,5 млн, ҳуқуқ ва халқаро иқтисодий муносабатларда 11 млн 250 минг сўм деб белгиланди.


Шуни ҳам инобатга олиш керакки, молиявий мустақиллик берилган давлат ОТМлари тўлов-контракт миқдорларини мустақил белгилаш ҳуқуқига эга. Мисол учун, олдинроқ Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида контракт миқдори оширилгани ҳақида маълум қилинган эди. Унда 2024/2025 ўқув йилида 1-босқич талабалари учун контракт стипендиясиз – 29 млн 428 минг сўм, стипендияли – 35 млн 642 минг сўм этиб белгиланганди.
Супер-контрактчилар нима қилади?
Йўналишлар кесимида ўтиш баллари эълон қилинди. Бу супер-контрактчилар учун муҳим. Яъни супер-контракт асосида ўқиш нияти бўлганлар баллари супер-контрактнинг 4 балли арзон турига мос келиш ёки келмаслигини билиб олишлари мумкин.
Агар абитуриентнинг балли қабул квотасидаги баллга жуда кам етмай қолган бўлса, камроқ, аксинча, кўп етмаган бўлса, кўпроқ пул тўлайди.
Амалдаги қонунга кўра, тўплаган баллари тасдиқланган тўлов-контракт бўйича қабул квоталари чегарасига:
1 баллгача етмаган абитуриентлар учун — 1,5 баробар;
1,1 баллдан 2 баллгача етмаганлар учун — 2,0 баробар;
2,1 баллдан 3 баллгача етмаганлар учун — 2,5 баробар;
3,1 баллдан 4 баллгача етмаганлар учун — 3,0 баробар миқдорида тўлов қилиб ўқиши мумкин.
Минимал баллдан (бу йил 56,7 балл) кам тўпламаган, лекин қабул квотасига 4,05 баллдан ортиқ етмаган абитуриентлар учун йўналишларига қараб супер-контракт миқдори базавий контрактнинг бир неча баробари кўринишида белгиланади. Яъни агар абитуриент 56,7 баллдан кўп тўплаган, бироқ ўтиш баллига 4,05 баллдан кўпроқ етмай қолган бўлса, унда шунақа миқдордаги пулни тўлаб талаба бўлиш имконига эга бўлган. Агар абитуриент минимал баллни ҳам тўплай олмаган бўлса, унда унга ўз йўналиши бўйича белгиланган энг юқори контракт миқдорининг 2 бараварини тўлаб талаба бўлиш ҳуқуқи берилади.









