Kun.uz'га Шайхонтоҳур тумани Навоий шоҳкўчаси Ўқчи маҳалласида яшовчи фуқаролардан мурожаат келиб тушди. Улар салкам 2 ойдирки, иссиқ сувсиз яшаб келмоқда.
Одамларнинг айтишича, мурожаат қилмаган жойлари қолмаган. Иссиқ сув таъминоти умумий иситиш тизимига уланган бўлиб, июл ойи бошида газни ўчиришгани сабаб таъминот ҳам тўхтаган.
“Бундан олдин ҳам тез-тез ўчириб туришарди, айниқса қишнинг совуғида. Энди охирида аҳолининг сабри қолмади, тахминан 2 ой бўлиб қолди, ҳалигача на тушунтириш беришяпти, на сабабини айтишяпти.
Яқинда уйимиз пастидаги нотурар жойларнинг газдан ва мол-мулк солиғидан катта миқдорда қарзи сабаб деб айтишди. Нотурар жойларнинг қарзи бўлса, биз турар жойдаги аҳоли нега қийналишимиз, ойлаб иссиқ сувсиз ўтиришимиз керак? Агар аҳолининг ҳам қарзи бўлса, нега бошқа интизомли солиқ тўловчилар жабр чекиши керак? Нега ҳар бир қарздор билан турарми, нотурарми алоҳида шуғулланишмайди? Нега икки ой сукутда иссиқ сувни ўчириб бемалол ўтиришади? Оддийгина тушунтириш ёки огоҳлантиришни ҳам эп кўришмаяпти”,– дейди шахсини ошкор қилишни истамаган фуқаро.
Яна бир яшовчига кўра, уйларнинг ширкати 2-3 маротаба алмашган. Аввалги ширкат раҳбарлари нотўғри иш олиб боргани сабаб уларга нисбатан жиноят иши очилган, дейди у.
“Хонадон эгалари ўз вақтида тўлашган, аммо “ЖЭК”, яъни бошқарув сервис компанияси томонидан керакли ташкилотларга йўналтирилмаган. Билишимча, ҳозирги кунда ташкилот раҳбари қўлга олинган”, – дейди фуқаро.
Ҳозирда бошқарув “Обод турмуш ҳамкор” МЧЖга ўтган.
“Ҳаммаси ўзларидан олдингиларга айбни тўнкашади, ҳозирги уй-жой мулкдорлар ширкати эса баъзида пастки қаватдаги тижорий ижарачиларни: банклар, сартарошхона, дўконларни айтишади, уларнинг қарздорлиги сабаб деб эртасига ўзларидан олдинги ширкатни айбдор қилишади. Ҳамма жойда ҳар хил гап юрибди. Икки нафар ёш фарзандим бор, уларнинг тагликларини алмаштиришга, чўмилтиришга қийналяпмиз”, – дейди яна бир яшовчи.
“2-3 ой вақт беришса, тўлаб беришимиз мумкин” – БСК
Вазият юзасидан “Обод турмуш ҳамкор” МЧЖ вакилининг Kun.uz'га маълум қилишича, компания марказий қозонхонанинг газдан узилгани сабаб хонадонларга иссиқ сув етказиб беролмаяпти.















