Тошкент Кимё халқаро университети Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 декабрдаги 1007-сон қарори асосида республикадаги биринчи нодавлат олий таълим муассасаси сифатида фаолият олиб боради.

Университет ISO 9001/2015 халқаро стандарти сертификатига эга бўлиб, бугунги кунда бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича сифатли олий таълим хизматларини кўрсатиб келмоқда.

Университет нодавлат олий ўқув юртлари орасида биринчилардан бўлиб битирувчилари мавжуд бўлган 16 та таълим дастури бўйича IQAA (Independent Agency for Quality Assurance in Education) ва KazSEE (Kazakhstan Association for Modern (Elite) Education) халқаро мустақил агентликларининг Таълим дастурларини халқаро аккредитациядан ўтказиш тўғрисидаги сертификатларини қўлга киритган.

Ҳудудларда ёшларни олий таълим тизимига кенг жалб қилиш ва уларни малакали мутахассис сифатида тайёрлаш мақсадида Университетнинг Наманган филиали ҳамда Самарқанд филиали фаолият юритиб келмоқда.

Олий таълим муассасасининг ҳамкор университетлар билан академик мобиллик дастурлари ҳам мавжуд. Университетда талабаларга “2+2”, “3+1”, “1+3”, “2+1+1” каби алмашинув таълим дастурлари имкониятини тақдим этиш орқали илғор замонавий билимларни олиш учун қулай шарт-шароитлар яратилган. Мазкур халқаро дастурларда таҳсил олган талабаларга бир вақтнинг ўзида Тошкент Кимё халқаро университетининг бакалавр ва магистр дипломлари берилади.

Университетда талабаларнинг назарий билимларини кучайтириш баробарида амалий кўникмаларини ҳам шакллантириш, мантиқий ва ижодий тафаккурини ривожлантириш мақсадида иқтисодиётнинг реал тармоқлари субъектлари билан академик ва амалиётга оид алоқаларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилади. Ўқув жараёнларига нуфузли хорижий ва маҳаллий университетлар профессор-ўқитувчиларини, малакали мутахассис ва амалиётчиларни жалб этиш билан бирга, унинг инфратузилмаси ва моддий-техник базасини кучайтириш ишлари ҳам олиб борилмоқда.