Жаҳон | 14:51 / 03.09.2024
2933
3 дақиқада ўқилади

Ҳусийчилар Қизил денгизда иккита нефт танкерига ҳужум қилди

MV Blue Lagoon I ва MV Amjad кемалари ҳусийчиларнинг ҳужуми натижасида зарар кўрди, деб хабар берди АҚШ Марказий қўмондонлиги. MV Amjad бортида тахминан икки миллион баррел нефт бор.

Фото: EUNAVFOR ASPIDES/Handout/REUTERS

Яманнинг ҳусийчи исёнчилари Қизил денгизда иккита хом нефт танкерига ҳужум қилди: Панама байроғи остидаги, Греция томонидан бошқариладиган MV Blue Lagoon I ва Саудия Арабистони байроғи остидаги, Греция томонидан бошқариладиган MV Amjad. Бу ҳақда 3 сентябр, сешанбага ўтар кечаси АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) маълум қилди

Баёнотда ҳужум натижасида ҳар икки танкернинг ҳам зарар кўрганлиги билдирилди. CENTCOM маълумотларига кўра, MV Amjad тахминан икки миллион баррел нефтни ташияпти. Бу 21 август куни ҳусийчилар томонидан ҳужумга учраган Грецияга тегишли MV Delta Sounion танкерининг юкидан икки баробар кўп, дея эслатади муаллифлар.

Ҳусийчилар MV Sounion нефт танкерига ҳужум қилди 

Греция компаниясига тегишли бўлган ва 150 минг тонна хом нефт ташувчи MV Sounion кемасига 21 август куни Яманнинг Ходейда порти яқинида учта снаряд келиб тегди. Яман ҳусийчилари танкерга учувчисиз учоқлар ва ракеталарни отишганини айтди. 

Қизил денгиздаги савдо кемаларини ҳимоя қилиш бўйича Европа Иттифоқининг Aspides денгиз миссияси икки нафар россиялик ва 23 нафар филиппинликдан иборат MV Sounion экипажини хавфсиз жойга эвакуация қилди. Ўшандан бери кема, Delta Tankers маълумотларига кўра, Қизил денгизда Эритрея ва Яман ўртасидаги лангарда жойлашган. Aspides, шунингдек, назоратсиз қолган танкер юк ташиш ва атроф-муҳит учун хавф туғдириши ҳақида огоҳлантирди. 

23 август куни Британия денгиз хавфсизлиги бошқармаси (UKMTO) MV Sounion кемасида учта ёнғин содир бўлганини маълум қилди. Ҳусийчилар томонидан ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видеода танкерда содир бўлгани тахмин қилинаётган учта портлаш акс этган.

АҚШ: Қизил денгиз ҳусийчилар ҳужумлари туфайли фалокат ёқасида турибди 

Эрон томонидан қўллаб-қувватланган ҳусийчилар томонидан Яман қирғоқлари яқинида MV Sounion нефт танкерининг ўққа тутилиши бир миллион баррел нефтнинг Қизил денгизга сизиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Бу ҳақда 24 август куни АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Мэттю Миллер огоҳлантирди. 

Танкер экипажи эвакуация қилинган, бироқ «ҳусийчилар кема ва унинг юкини денгизда чўктиришга қатъий қарор қилган кўринади», дея хабар берди АҚШ ташқи сиёсат идораси. Эрон томонидан қўллаб-қувватланган исёнчилар бир неча ой давомида ўтказган ҳужумларида «яманликлар ва минтақадаги бошқалар ҳаётини қўллаб-қувватловчи балиқ овлаш иқтисодиёти ва маҳаллий экотизимларни йўқ қилиш» ниятида эканини очиқ кўрсатди, дея қўшимча қилди Миллер. У ҳусийчиларни «бу ҳаракатларини зудлик билан тўхтатишга» чақирди.

Мавзуга оид