Қишлоқ хўжалиги вазири собиқ ўринбосари ва унинг қизи озодликдан маҳрум қилинди
Суд қишлоқ хўжалиги вазири собиқ ўринбосари Алишер Тўраевни қарийб 10 млрд сўмлик 1 млн дона узум кўчатини етказиб бериш иши бўйича талон-торож қилиш ва мансаб сохтакорлигида айбли деб топди. Суд ҳукми билан унга 6 йил, компанияда ишлаган қизига эса 5 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
5 сентябр куни Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани суди қишлоқ хўжалиги вазирининг собиқ ўринбосари Алишер Тўраев, унинг қизи Анаис Тўраева ҳамда қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази собиқ ҳисобчиси Мансур Қўзибековга нисбатан ҳукм чиқарган. Бу ҳақда суд қарорини ўрганган «Газета.uz» хабар берди.
Маълум қилинишича, 2021 йил сентябр ойида қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази раҳбари (буюртмачи) Алишер Тўраевнинг ўғлига тегишли бўлган De Nova Agro компанияси 1 млн дона узум кўчатини етказиб бериш бўйича 9,95 млрд сўмлик тендерда ғолиб бўлган. Ўша пайтда компания директори унинг қизи Анаис Тураева бўлган.
Иш материалларига кўра, Алишер Тўраев тендер комиссиясини «ўзига содиқ одамлар»дан (улар алоҳида жиноий ишда кўрсатилган) тузган, улар комиссия йиғилиши баённомасини имзолаган, лекин аслида у ўтказилмаган.
Манфаатлар тўқнашувига қарамай, собиқ вазир ўринбосари унинг ўғли Бекжон Тўраев таъсисчи бўлган De Nova Agro компаниясининг тендер савдоларида ғалаба қозонган. 2021 йил 30 август куни корхона билан in-vitro усулида 1 млн дона узум кўчати етказиб бериш бўйича 9,95 млрд сўмлик шартнома тузилган.
Суд қарорида қайд этилишича, амалда бу кўчатлар марказга етказиб берилмаган бўлса-да, маҳсулот қабул қилингани ҳақида бир нечта сохта электрон ҳисоб-фактуралар расмийлаштирилиб, «талон-торож қилинган» маблағлар ўтказиб берилган.
Тўраев, унинг қизи ва марказ ҳисобчиси ҳам маҳсулотларни қабул қилиш ва топшириш бўйича бошқа расмий ҳужжатларни сохталаштиришда айбланмоқда. Маълум қилинишича, улар 2023 йилда иссиқхоналардаги 283,4 минг туп кўчатларнинг кўчат экиш вақтида илдизлари шикастлангани, электр таъминотининг мунтазам узилиши, суғориш тизимидаги носозликлар туфайли нобуд бўлгани ҳақидаги бир неча маълумотномаларни қалбакилаштиришган, бироқ ўсимликлар нобуд бўлиш тугул, аслида етказиб берилмаган.
Суд қарорида қайд этилганидек, Тошкент вилояти агрохизматлар марказига 562,8 минг дона кўчат ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳномалар сохталаштирилган бўлса-да, аслида у ерга етказиб берилмаган. Шунингдек, ўсимликларни парваришлаш ва иш ҳақи учун 509,1 млн сўм асоссиз ҳисобланган.
Судда Алишер Тўраев ўз айбига қисман иқрор эканини билдирган. Унинг тан олишича, келишувда кўрсатилганидек 1 млн туп эмас, 5−25 см баландликдаги 700 минг туп кўчат етказиб берилган. Кўчатларни парвариш қилиш учун мавсумий ишчиларни жалб қилиш, ўғит, ҳимоя ва бошқа воситаларни сотиб олиш учун қонуний равишда маблағ ажратилган. Бу масалада у ўзини айбдор деб ҳисобламайди. У қолган 300 минг кўчатни етказиб беришга тайёрлигини айтган.
Анаис Тўраева судда ўз айбини тўлиқ инкор этган. Унинг сўзларига кўра, шартномани у эмас, De Nova Agro компанияси директори Стрелковских ва унинг отаси Алишер Тўраев имзолаган. Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, корхона томонидан марказга 700 минг дона узум кўчати етказилган, яна 76 мингтаси корхонанинг Янгийўл туманидаги иссиқхонасида, қолганлари ишлаб чиқариш жараёнида тўхтатилган.
Судланувчининг айтишича, у корхонани директор сифатида вақтинча бошқарган ва турли ойларда марказга уч партияда 700 минг туп кўчат топширган. У ҳавонинг совуқлиги ва газ етишмаслиги сабабли ўсимликларнинг нобуд бўлишида ўзини айбдор деб ҳисобламаслигини таъкидлаган.
Бош ҳисобчи Мансур Қўзибеков Тўраевнинг кўрсатмаси билан етказиб берувчининг ҳисоб рақамига маблағ ўтказганини ва бу жараёндан манфаатдор эмаслигини, эвазига ҳеч қандай моддий маблағ олмаганини айтган.
Суд Алишер Тўраевни Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддаси 2-қисми «а» банди (Такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган мансаб сохтакорлиги) билан айбдор деб топган. Унга 2 йил муддатга давлат ташкилотида раҳбарлик, моддий ва мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этиб, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинланган.
Мансур Қўзибеков шу каби моддалар учун 5 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум этилган.
Анаис Тўраева Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди ва 28-моддани қўллаган ҳолда 209-моддаси 2-қисми «а» банди (мансаб сохтакорлигида шериклик) бўйича 5 йилу 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган. Ҳукм ижроси 2027 йилнинг 8 июлига — 2024 йилнинг июль ойида туғилган ўғли уч ёшга тўлгунига қадар кечиктирилган.
Алишер Мелсович Тўраев 2021 йил август ойида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари — Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази бош директори лавозимига тайинланган. Бунгача у Тошкент давлат аграр университети, “Қишлоқ хўжалиги экинлари генетикаси, селекцияси ва уруғчилиги” кафедраси профессори лавозимида ишлаб келган.
Мавзуга оид
15:45
Уммон Ўзбекистондан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилмоқчи
12:10 / 20.11.2024
Ўзбекистонда фойдаланиладиган сув ресурслари 90 фоизи қишлоқ хўжалигига тўғри келяпти
11:37 / 20.11.2024
Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида импортни 50 фоизга қисқартириш режалаштирилмоқда
21:20 / 19.11.2024