Жаҳон | 14:10 / 21.09.2024
3236
3 дақиқада ўқилади

Россияда «чет эл агентлари»ни кадрлар захирасига киритиш тақиқланди

«Чет эл агентлари»ни давлат органларининг кадрлар захирасига киритишни тақиқлаш Россияда ушбу мақомга эга бўлган фуқаролар ҳуқуқларининг яна бир чекловига айланди.

Фото: Кирилл Каллиников/РИА «Новости»

Россия президенти Владимир Путин «чет эл агенти» мақомига эга шахсларни Россия Федерацияси давлат органларининг кадрлар захирасига киритишни тақиқловчи фармонни имзолади. Россия Федерацияси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари веб-сайтида эълон қилинган ушбу ҳужжат ҳақида 20 сентябр, жума куни бир нечта рус тилидаги оммавий ахборот воситалари хабар берди.

Гап 2017 йил 1 мартдаги 96-сонли «Федерал давлат органининг кадрлар захираси, федерал ҳудуднинг давлат ҳокимияти органи кадрлар захираси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида»ги фармонга ўзгартиришлар киритиш ҳақида бормоқда. Россия Федерациясида Путин фармонни имзолаган пайтдан бошлаб кучга кирган янги қоидалар «чет эл агентлари», шунингдек, Россия фуқаролигини йўқотган ёки бошқа давлат фуқаролиги ёки чет элда яшаш учун рухсатномага эга бўлган шахсларни давлат хизмати учун кадрлар захирасига киритишни тақиқлайди.

«Чет эл агенти» мақомига эга россияликларнинг ҳуқуқларини чеклаш

«ОВД-Инфо» онлайн-нашри россияликларга «чет эл агенти» мақомида таъсир кўрсатадиган бошқа чекловларни эслатди: «2022 йил ноябр ойида Давлат думаси «чет эл агентлари» деб тан олинган шахслар учун бир қатор чекловлар тўғрисида қонун лойиҳасини қабул қилди. Унда «чет эл агенти»нинг давлат ва коммунал хизматда, прокуратурада ва шартнома бўйича ҳарбий хизматчилар сифатида, божхона органларида, Федерал жазони ижро этиш хизматида, Тергов қўмитасида, «ФСБ»да, «СВР»да ишлаши тақиқланган». Россия Федерацияси президентининг 19 сентябрдаги фармони ушбу чекловларни кенгайтиради.

Россияда «чет эл агенти» мақоми 2012 йилдан бери мавжуд. У 2017 йилдан оммавий ахборот воситаларига, 2020 йилдан эса жисмоний шахсларга берила бошланди. «ОВД-Инфо» маълумотларига кўра, 2024 йил бошида Россияда «чет эл агентлари» реестрига 760 га яқин шахс ва ташкилотлар киритилган.

Ягона федерал кадрлар захираси Россияда 2024 йил январ ойида ташкил этилган. «У 2017 йилдан бери мавжуд бўлган идоравий тизимларни бекор қилмайди», деб эслатади «Фонтанка» интернет нашри.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид