Ижтимоий тармоқларда истеъмолчилар бир неча кундан бери Humans Pay фаолиятида носозликлар кузатилаётганини ёзишяпти. Бу борада Kun.uz'га ҳам бир нечта мурожаатлар келиб тушди.
“Бир ҳафтадан бери Humans иловасида карталар ишламаяпти. Кўпчилик фойдаланувчиларнинг Visa картасида пуллари музлаб турибди. Демоқчи бўлганим, компания анчадан бери Visa карта бермай қўйди. Авваллари Visa қўшиб беришарди. Ҳозир Ўзбекистон бўйича Visa йўқ экан. Виртуал Visa очиб беришади, шуни ишлатяпмиз. Компания йўқ бўлиб, картадаги пулларга куйиб қолмаймизми? Ўзларига мурожаат қилсак, техник ишлар амалга оширилмоқда, ишлаб кетади деб 1 ҳафтадан бери айтишяпти. Лекин амалда ўзгариш йўқ. Visa билан кешбэк картада пул кўрсатяпти. Қолган карталарда эса йўқ. Тўлов амалга ошириб бўлмаяпти”, – дейди мурожаатчилардан бири.

Бошқа бир мурожаатчи эса Humans Visa карталари 10 кундан бери музлатиб қўйилганини айтади.
“Humans Visa карталари 10 кундан бери музлатилган. Humans компанияси бу бўйича расмий хабар бермади, муаммони бартараф қилиш бўйича ҳам чора кўрмади, муддатни хам ошкор қилмаяпти. Шу бўйича суриштириш қилиб, маълумот беришингизни сўрайман”, дея ёзган у.
Humans Pay'га уланган карталардан пул ўғирланган
Kun.uz'гa мурожаат қилган жабрланувчининг сўзларига кўра, бир неча дақиқа ичида унинг картасида Humans иловаси орқали умумий 20 млн сўм пул ўғирланган.
“Пластигимга пул туширдим, бироз ўтиб "Сизнинг қурилмангизга бегона одам кирди" деган SMS келди. Шундан кейин карта муваффақиятли улангани ҳақида хабар келди. Бу орада 9 млн, 1 млн, 10 млн қилиб, умумий 20 млн сўм пулимни ечиб олишди. Humans колл-маркази билан боғлангунимча, пул тугади. Менга 15:25 да пул тушди, бирдан иловадан бошқа қурилма киргани ҳақида менга SMS келяпти. Бу орада мен томондан ҳеч қандай ҳаракат амалга оширилгани йўқ. Шундан сўнг ИИБга бориб, ариза қолдирдим. Улар киберхавфсизлик бўлимига аризамни жўнатишини айтди. Humans'га ҳам телефон қилдим, улар 7 кундан 14 кунгача бўлган муддатда аризамни кўриб чиқишларини айтди. Белгиланган муддат ўтгач, уларга яна телефон қилдим, аммо мутахассислари мурожаатим ҳали кўриб чиқилмаганини айтди. Мана, 2 ой бўлди, Humans'дан ҳеч қандай жавоб бўлгани йўқ. ИИБга телефон қилсам, улар ҳам Humans сўралган маълумотларни ҳали бермаганини айтишяпти”, дейди мурожаатчи.

Ўзини Элёр деб таништирган яна бир мурожаатчининг сўзларига кўра, унинг пластигидан умумий ҳисобда 10 млн 800 минг сўм пул ечиб олинган.









