Наманганда юзлаб автомобиллар давлат рўйхатидан ноқонуний ўтказилгани айтилмоқда. Иш республика даражасида терговда
Водий вилоятларида машиналарни ноқонуний равишда давлат рўйхатидан ўтказиш билан шуғулланиб келган жиноий гуруҳ қўлга олинган. Улар орасида ЙҲХБ ходимлари ҳам бор. Улардан бири вилоят ички ишлар тизимида юқори лавозимда ишловчи мансабдорга ҳайдовчилик қилгани айтилмоқда.
Наманганда автомобилларни ноқонуний равишда давлат рўйхатидан ўтказиб келган жиноий гуруҳ аниқланган. Улар бу фаолиятни бутун водий вилоятлари бўйича амалга ошириб келган. Жиноий гуруҳнинг айрим аъзолари ҳозирда қамоққа олинган ва иш республика даражасида тергов қилинмоқда. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар берди.
Бир-биридан мустақил икки манбанинг айтишича, жиноят иши кўлами жуда катта, фуқаролар ва давлатга миллиардлаб сўмлик зарар етказилган. Ушбу жиноятни содир қилишда гумонланиб қамоққа олинган шахслар орасида ЙҲХБ ходимлари ҳам бор. Жумладан, улардан бири Наманган вилояти ИИБ ЙҲХБда ишлагани ва бир вақтнинг ўзида вилоят ички ишлар тизимидаги юқори лавозимда ишловчи мансабдорга ҳайдовчилик қилгани айтилмоқда.
Ноқонуний равишда давлат рўйхатидан ўтказилган транспорт воситалари сони водий бўйича бир неча юзни ташкил қилади. Гумонланувчилар аукцион савдоларига чиқарилиши керак бўлган транспорт воситаларини, чет эллардан, жумладан, Қирғизистондан олиб келинган машиналарни “растаможка”сиз давлат рўйхатидан ўтказиб юборган. Яъни Ўзбекистонда рўйхатга олинмаган транспорт воситаларига давлат рақами ҳамда “техпаспорт” тўғрилаб беришган.
Тергов доирасида шубҳали машиналар экспертиза учун эгаларидан олиб қўйилган. Фуқаролар қарийб ярим йил олдин олиб кетилган машиналари ҳамон қайтарилмаётганини айтишмоқда. Kun.uz шундай фуқаролардан бири билан суҳбатлашди. Унинг Lacetti машинаси “кузов рақами алмашгани” учун 6 ой олдин экспертизага олиб кетилган.
“Қарз кўтариб, 16 минг АҚШ долларига сотиб олгандим. Олди-сотди жараёнида ҳаммаси қонуний бўлган: “МРО” текширган, нотариус тасдиқлаган. Кузов рақами алмашган экан, экспертиза қиламиз дея олиб кетишганига 6 ойдан ўтяпти. Тўғриси, тирикчилигим шу машина ортидан, уни кира қиламан деб олгандим. Энди ушбу ҳолатдан қарзга киряпман. Мен машинани ҳамқишлоғимдан сотиб олганман, у эса ўша жиноятда гумонланаётганлардан олган. Улар ҳозир қамоқда, тергов кетяпти”, дейди у.
Фуқаронинг қўшимча қилишича, транспорт воситаси тергов доирасида олиб кетилганлар анча кўп.
Гумонланувчилар сони ва уларга Жиноят кодексининг қайси моддаси билан айблов қўйилаётгани ҳозирча аниқ эмас.
Мавзуга оид
21:48
Одамлар ўлимига кўпроқ сабаб бўлаётган энг хавфли автомобиллар саналди
16:53 / 22.11.2024
Наманганда 4 кишини Британияга ишга юбориш эвазига 12 минг доллар олган шахс ушланди
16:34 / 18.11.2024
“Манзил”: Денгиз сатҳидан 3000 метр баландликдаги кўл – Арашан булоққа саёҳат
13:07 / 18.11.2024