Шанбадан якшанбага ўтар кечаси Исроил Байрутнинг жанубий қисмига ёпирилма ракета зарбалари йўллаб, «Ҳизбуллоҳ»нинг инфратузилма объектларига ҳужум қилган.

Зарбалар бирин-кетин берилди ва амалда камида бир ярим соат давомида тўхтовсиз давом этди, дея хабар берган Reuters агентлиги гувоҳларга асосланиб.

Байрут узра олов чақнаши ва оқ ёки кўк рангдаги оловли шарларни бир неча километр масофадан ҳам кўриш мумкин эди, дея таъкидлайди гувоҳлар.

BBC’нинг Байрутдаги мухбири шаҳар чеккасида камида олтита портлаш овози эшитилгани, бу зарбалар орасида учаётган дронлар овозлари ҳам қулоққа чалингани ҳақида айтиб берган.

Мухбирнинг қайд этишича, зарбалардан бири, катта эҳтимол билан, автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчасига йўлланган, бу жой устида ҳам оловли шар осмонга кўтарилган, тарқалган видеога кўра, кучли ёнғин давом этмоқда.

CNN агентлигининг Байрутдаги журналистлари тунги ҳужумни сўнгги вақтлардаги энг шиддатли ҳужумлардан бири сифатида таърифлаган.

Исроил мудофаа армияси «Байрут ҳудудида „Ҳизбуллоҳ“га алоқадор бўлган нишонлар бўйлаб зарбалар йўллагани»ни тасдиқлаган. Ҳужум бошланишидан бир неча соат олдин ЦАҲАЛ ўз одатига кўра ўз режаси тўғрисида огоҳлантириб, «яқин вақтлар ичида» қайси ҳудудлар нишон бўлиши мумкинлигини кўрсатиб, бу жойлардан 500 метр радиусдаги одамларни зудлик билан кетишга чақирганди.

Аэропорт яқинидаги ҳудуд шанбага ўтар кечаси ҳам Исроил ракеталари билан ўққа тутилганди.

Шанба куни тонгда Исроил қўмондонлиги «Ҳизбуллоҳ»нинг «тоғлар, чакалакзорлар ва аҳоли зич яшовчи ҳудудлар»да қурилган ва «портловчи моддалар билан тўлдирилган» қурол омборлари йўқ қилингани ҳақида эълон қилганди.

Шанба куни кечқурун зарбалар йўлланган ҳудуд аҳолиси зарба ҳақида олдиндан огоҳлантирилган, уларга эвакуация учун вақт берилган. Шу билан бирга, BBC мухбирлари қайд этишича, бу ҳудудни тарк этишга рози бўлганларнинг барчаси аллақачон кетган ва шимолга, Сурия ҳудудига бориб ўрнашган.

БМТ маълумотига кўра, «Исроил авиазабалари» туфайли Ливандан Сурияга қочқинлар оқими кузатилган, чегарадан ўтганлар сони 200-300 минг кишини ташкил этади.

Жума куни кечқурун Исроил авиацияси икки мамлакат чегарасидаги асосий ўтиш пунктига зарба йўллаб, амалда автотранспорт ҳаракатини тўхтатиб қўйди: энди чегарадан фақат пиёда ҳолда ўтиш мумкин.