Байрутда яна ўнлаб қурбонлар: Исроил шаҳар марказига зарба берди, ракеталар турар жой биноларига тушган
Бу сафарги ракеталар аввалгиларидан фарқли ўлароқ, Ливан пойтахтининг жанубий чеккаларига эмас, шу вақтгача ҳужумга учрамай келган марказга учиб келган. Манбаларга кўра, «Ҳизбуллоҳ»нинг юқори мартабали амалдорларидан бири, Ҳасан Насруллоҳнинг куёви ҳужум нишони бўлган.
Пайшанба куни Исроил қўшини томонидан Байрут бўйлаб йўлланган ракета ҳужуми оқибатида камида 22 киши ҳалок бўлиб, юздан ортиқ киши яраланган.
Олдинги аксарият ҳужумлардан фарқли равишда, бу сафар ракеталар шаҳарнинг Даҳия деб аталувчи жанубий чеккасига эмас, балки Ливан пойтахти марказидаги шиалар тиғиз яшовчи Баҳур кварталига йўлланган, хусусан, ракеталар турар жой ва шифохона бинолари устига тушган.
Ливан миллий агентлиги хабарига кўра, «Нвейри» ракетаси саккиз қаватли турар жой биносининг учинчи қаватига урилган, «Баста» ракетаси эса тўрт қаватли бинога зарба берган ва уни буткул вайрон қилган.
Шаҳар ўққа тутилиши маҳаллий вақт билан кечқурунги соат саккизлар атрофида бошланган, бу вақтда пойтахт аҳолиси вакиллари ишдан қайтган ва ўз уйида ёки уй атрофида бўлган.
Саудиянинг Al Hadath телеканали манбага асосланиб хабар беришича, зарба нишони «Ҳизбуллоҳ»нинг ҳалок бўлган етакчиси Ҳасан Насруллоҳнинг куёви, гуруҳнинг координация бўйича бўлинмаси раҳбари Вафиқ Сафо бўлган.
Reuters зарба йўлланган ҳудуд бунгача Исроил томонидан ҳужумга учрамаганини қайд этган. Гувоҳлар агентликка айтишича, зарбалардан камида биттаси аҳоли тиғиз яшайдиган, кўп қаватли уйлар ва кичик дўконлардан иборат ҳудуддаги автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчасига берилган.
Катта эҳтимол билан қурбонлар сони ошишда давом этади: Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги атрофда жойлашган бешта шифохонага жами 117 нафар ярадор олиб келинган, улар орасида оғир аҳволдагилар ҳам бор.
BBC’нинг Яқин Шарқдаги мухбири, Байрутда яшовчи Нафизе Конавар қайд этишича, Ливан ҳудуди бир неча ҳафтадан буён Исроил томонидан ўққа тутилаётганига қарамай, пайшанба кунигача икки кун давомида Байрут ноодатий тарзда тинч ва хотиржам эди.
Одатда исроиллик ҳарбийлар аҳоли яшаш манзилларида фуқаролик объектлари ичкарисида (ёки унга жуда яқин жойлашган) бўлган ҳарбий нишонларга зарба беришдан олдин ҳудуд аҳолисини олдиндан огоҳлантириб, уларга эвакуация учун вақт берарди.
BBC’нинг Байрутдаги манбалари маълум қилишича, бу сафар шундай огоҳлантириш юборилмаган.
Ҳозирча бу ҳужум вақтида Исроил томонидан қанча ракета учирилгани маълум эмас.
Хабар қилишларича, камида тўққиз кишини ҳаётдан олиб кетган биринчи зарба Исроил мудофаа армияси «Ҳизбуллоҳ»га алоқадорлигини билдирган шифохона биносини қисман вайрон қилган.
Мавзуга оид
15:30
АҚШ 2023 йил 7 октябрдан бери Исроилга 17,9 млрд долларлик ҳарбий ёрдам берди
08:56 / 01.11.2024
БМТ бош котиби Исроилнинг UNRWA ишини тақиқлаш қароридан чуқур хавотирда
09:20 / 31.10.2024
Ироқ ўз ҳаво ҳудуди Исроил томонидан бузилгани юзасидан БМТга шикоят қилди
21:21 / 30.10.2024