Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2025 йил 1 апрелдан бошлаб таркибида шакар мавжуд бўлган газланмаган салқин чойлар, мева шарбатлари, компотлар ва бошқа газланмаган шакарли ичимликларнинг 1 литри учун 500 сўм миқдорида акциз солиғини жорий этишни режлаштиряпти. Мазкур таклиф бўйича 2025−2027 йиллар учун ишлаб чиқилган бюджетнома лойиҳасида маълумот берилган.

Қайд этилишича, қуйидаги асосий солиқ турлари бўйича ставкалар ўзгаришсиз сақлаб қолинади:

  • фойда солиғи — 15 фоиз;
  • қўшимча қиймат солиғи (ҚҚС) — 12 фоиз;
  • жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи — 12 фоиз;
  • ижтимоий солиқ — 12 фоиз (бюджет ташкилотлари учун — 25 фоиз);
  • юридик шахслар мол-мулк солиғи — 1,5 фоиз;
  • айланмадан олинадиган солиқ — 4 фоиз.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш ва балиқ етиштириш учун фойдаланиладиган сув ҳажми бўйича солиқ ставкаси 1 куб метр учун 100 сўм, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаси 1,5 фоиз миқдорида сақлаб қолинади. 

Ўз навбатида 2025 йил 1 апрелдан бошлаб нефт маҳсулотлари, хусусан бензин, авиакеросин, дизел ёқилғиси, ЭКО дизел ёқилғиси, дизел ёки карбюратор (инжектор) двигателлари учун мотор мойи ҳамда якуний истеъмолчига реализация қилинадиган бензин, дизел ёқилғиси, суюлтирилган ва сиқилган газ учун тўланадиган акциз солиғи ставкаларини 10 фоизга ошириш режалаштирилган. 

Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларини белгилашда қуйидагилар таклиф этилмоқда:

  • қазилма бойликларида солиқ улуши унинг харид нархига нисбатан жуда пастлигини инобатга олиб, мармар, гранит, табиий безактош, қум–шағал аралашмаси (шу жумладан, қурилиш қуми ва қумтошлар) учун алоҳида солиқ ставкалари белгилаш;
  • кон-кимё хомашёси ҳамда бошқа норуда қурилиш материаллари учун қазиб олинган ҳажмга белгиланган қатъий миқдорларни 10 фоизга индексация қилиш.