Россия Президенти Путин “Валдай” мулоқот клуби сессиясида қатнашди. Даставвал у бир соат давомида Ғарбни қоралаб, Россияни мақтади. Дунё Россиясиз яшолмаслиги, на Вашингтон, на Брюссел ва на бошқа кучлар буни ўзгартира олишини айтди.
Президент шунингдек, таҳлилчилар саволларига ҳам жавоб берди. Муҳокамалар Украина уруши, ядровий сиёсат, АҚШнинг янги президенти, Хитой ва Ҳиндистон билан алоқалар, ҳарбий машғулотлар ва бошқа мавзуларда кечди. Kun.uz Путиннинг асосий гапларини жамлади.
Владимир Путин яна ўз гапини рус миллати ҳамда давлатчилигини улуғлашга қаратилган идеологик фикрлар билан бошлади. Таҳдидларга тўхталаркан, янги глобал эпидемиялар, минтақавий можаролар, иқтисодий инқироз, миграцион босимнинг ортиши, инсон ва сунъий интеллект салоҳияти қарама-қаршилигини хавф сифатида санаб ўтди. Клуб ташкил қилинганига 20 йил тўлган, Путин кейинги 20 йил бундан ҳам қийин бўлишини айтди. Хусусан, демократия энди кўпчиликнинг эмас, камчиликнинг кайфиятини акс эттириб, эркинликнинг фундаментал стандартларига қарши бормоқда. Ғарб демократиясида нацизм, рацизм, терроризм ва ҳаттоки оммавий геноцидни кўряпмиз, дейди Путин.
Россия президенти нутқининг асосий қисми коллектив Ғарб ва унга бошлиқ Қўшма Штатлар сиёсатини қоралаш мазмунида кечди. Ғарбни ёмонлаган Путин Россияни мақтай кетди, дунё Россиясиз яшолмаслигини ҳам тарих, ҳам фалсафа, ҳам социологиядан билимларини қўшиб, исботлашга уринди. Масалан, унинг сўзларига кўра, АҚШ шундай шиорга амал қилади, кимда ким Қўшма Штатлар билан бўлмаса, демак унга душман ҳисобланади. Ва мана шу сиёсат Ғарбнинг ўзида тизимли инқирозни бошлаган. Хусусан, мафкуравий ва ҳарбий-сиёсий монополияга даъволар кучайди, Қўшма Штатлар ва Европанинг бугунги ҳаракатлари ўз халқлари манфаатига зид келмоқда, дейди Россия президенти. Шу ўринда Путин Ғарб билан алоқаларини қайта яхшилаш ниятида экани бўйича бир нечта сигналлар ҳам берди. Биз Ғарбни душман сифатида қабул қилмаймиз, деди президент
“Россия Ғарб цивилизациясини душман сифатида қабул қилмайди, “бизми ёки улар?” деган танловни ҳам қўймайди. Бизнинг ёнимизда бўлмаганлар бизга қарши, деган шиорни ҳеч қачон ишлатмаймиз. Ғарб ҳақиқатан ҳам улкан сиёсий, интеллектуал, маданий ва моддий ресурсларни тўплади, жаҳоннинг асосий кучларидан бири сифатида муваффақиятли ривожлана олди. Ғарб - дунёдаги кучлардан бири холос, лекин гегемон эмас. Менимча Россия ҳақидаги ҳақиқатларни эслатиш шарт эмас. Дунё Россияга муҳтож, на Вашингтон, на Брюссел ва бошқа устун қарорлар буни ўзгартира олмайди”, - Владимир Путин.













