Жумладан, Бухоро шаҳри ва туманидаги 60 000 та аҳоли хонадони ҳамда 100 дан ортиқ улгуржи истеъмолчига табиий газ етказиб бериш яхшиланди.
Шу мақсадда “Соҳибкор” газ тақсимлаш станциясига боғловчи 1,5 км газ тармоғи қурилиб, “Когон-Газли” магистрал қувурига уланди. 1963 йилда ишга туширилиб, эксплуатация муддатини ўтаб бўлган эски тармоқ ўрнига амалга оширилган янги лойиҳа станциянинг ўтказувчанлигида ишончлиликни кафолатлаб, эски қувурнинг муҳофаза майдонларида жойлашган 100 дан ортиқ қурилма атрофида мавжуд хавфни бартараф этишга ҳам имкон берди.
Когон магистрал газ қувурлари бошқармасидаги газ тақсимлаш станцияларининг реконструкция қилиниши ҳам 50 000 дан ортиқ хонадон ва 100 дан ортиқ улгуржи истеъмолчининг газ таъминотини оширди.
“Навоий-1” станциясида технологик қурилма ва мосламалар таъмирланиб, қўшимча 2 та чанг тутгич ўрнатилиши натижасида Навоий шаҳри ва Кармана туманидаги 47 мингта хонадон, 100 дан ортиқ корхона ҳамда “Навоийазот” АЖга етказиб берилаётган газ сифати яхшиланиб, ишончлилиги кафолатланди. “Навоий-4” станциясида эса беркитувчи мосламалар алмаштирилди. Эски қурилмалар ўрнига замонавий 3 та чанг тутгич ва 6 та фильтр сепаратор ўрнатиш орқали табиий газни тозалашнинг 2 босқичли тизими йўлга қўйилди.

Магистрал тармоққача бўлган қувур катта диаметрлисига алмаштирилди. Бу эса Кармана туманидаги 3200 та аҳоли, 10 та улгуржи истеъмолчи, “Навоий” ЭИЗдаги саноат корхоналари ва “Навоий” ИЭСга етказиб берилаётган табиий газ сифати ва ҳажмини оширди. Станциянинг ўтказувчанлик қуввати қарийб 4 баробарга ортди.
Нуқсонли қувурларни алмаштириш - хавфсизлик омили
“Муборак-Навоий”, “Қоровулбозор-Когон”, “Когон-Газли” ва “Бухоро-Урал” магистрал газ қувурларида 5 километрга яқин нуқсонли қувур алмаштирилди. Натижада қувурнинг ишчи босими оширилди. “Бухоро-Урал” магистрал газ қувурининг 2 та тармоғи ҳамда “Когон-Газли” ва “Газли-Саримой” магистрал газ тармоқларида 354 км қувурнинг ички юзаси поршень юбориб тозалангани ҳам транспортировка жараёнида ишончлиликка хизмат қилмоқда.

Республика истеъмолчиларига барқарор табиий газ етказиб бериш мақсадида бу йил Газли газ иншоотига ўтган йилдагига нисбатан 21,6% га кўпроқ табиий газ жамланди.

















