Бугунги кунда таълим глобал даражада ривожланмоқда. Тошкент Кимё халқаро университети (ТКХУ) бу йўналишда фаол ҳаракат қилиб, талабалари учун янги имкониятлар яратмоқда. Университет делегациясининг Испания ва Португалияга яқинда уюштирган ташрифи халқаро майдонда ўз позициясини мустаҳкамлаган муҳим воқеа бўлди.
Бу сафар давомида эришилган асосий ютуқлардан бири Real Madrid жамғармаси билан имзоланган келишувдир. Ушбу келишув натижасида ТКХУ қарамоғидаги VOSIQ мактабларида машҳур футбол клубининг спорт марказлари очилиши кутилмоқда. У ерда ўқувчилар нафақат спорт маҳоратини ошириш, балки лидерлик қобилияти, интизом ва жамоавий руҳни шакллантириш имкониятига эга бўлади. Бу сифатлар фақат спортда эмас, ҳаётда ҳам муваффақиятга эришишда муҳим ўрин тутади.
Тошкент Кимё халқаро университети таъсисчиси, профессор Алишер Ваҳобов бошчилигидаги гуруҳ Мадрид шаҳрида жойлашган San Pablo CEU университетининг Монтепринцеп кампусида ўқув жараёнлари билан танишди. Ушбу кампусда муҳандислик, қурилиш, тиббиёт ва фармацевтика мактаблари жойлашган.
Доктор Паола Отеро Гомез бошчилигидаги университет жамоаси Тошкент Кимё халқаро университети вакилларини кампусдаги ўқув лабораториялари, лойиҳалар, дарс жараёнлари билан таништирди.
Учрашувда таъкидланганидек, томонлар тиббиёт, архитектура, қурилиш каби таълим йўналишларида талабалар алмашинувини амалга ошириш, қўшма дастурлар ташкил этиш ҳамда ҳамкорликда илмий тадқиқотлар олиб боришни режалаштирмоқда.
Шу билан бирга, ТКХУ делегацияси Каталония халқаро университети (UОC) билан ҳамкорлик шартномасини имзолаши кутилмоқда. Мазкур келишувлар талабалар учун икки томонлама диплом дастурларида иштирок этиш имкониятини яратади. Бакалавр босқичида «2+2» ва «3+1» форматларидаги, магистратура босқичида эса «1+1» форматидаги дастурлар таклиф этилади. Бу талабалар учун Ўзбекистонда олган таълимини халқаро тажриба билан уйғунлаштиришга имкон беради.
UOC университетида педагогика, муҳандислик, бизнес ва архитектура йўналишлари бўйича икки томонлама диплом дастурлари мавжуд бўлиб, бу битирувчиларнинг халқаро меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини сезиларли даражада оширади.
Европа билан ҳамкорлик шу билан чекланиб қолмади. Ташрифнинг муҳим қисмларидан бири Edibon International компаниясига уюштирилди. Бу компания замонавий лаборатория ускуналарини ишлаб чиқариш бўйича топлардан бири саналади. Ҳамкорлик доирасида ТКХУ ўз лабораторияларини жаҳон стандартларига мос ускуналар билан жиҳозлашни режалаштирмоқда. Бу талабаларга замонавий технологиялар билан ишлаш имкониятини беради ва муҳандислик ҳамда энергетика соҳаларида глобал мутахассисга айланишлари учун мустаҳкам пойдевор яратади.














